КОНЦЕРН

КОНЦЕРН (concern — иштирок, манфаат) — манфаатлар, шартномалар, капитал, ҳамкорликдаги фаолиятда иштирок умумийлиги асосида уюшган корхоналарнинг йирик бирлашмаси. И. ч. диверсификациясн асосида таркиб топадиган йирик, кўп тармоқли корпорация. Аксарият ҳолларда корхоналарнинг бундай гуруҳлари шу корхоналар акцияларининг асосий қисмини ўз қўлида тўплаган бош корхона (холдинг) атрофида бирлашади. Концерн таркибига (саноат, транспорт, савдо, банк соҳаси) турли тармоқларга тегишли, айрим ҳолларда, дуненинг кўпгина мамлакатларида жойлашган ўнлаб ва юзлаб корхоналар ихтиёрий асосларда киради. Турли минтақаларда жойлашган, айрим товарларни ишлаб чикарадиган ва Концернга номинал кирадиган корхоналар бош компаниянинг шўъба филиаллари, шўъба компаниялари ҳисобланиб, ўз хўжалик мустақиллигини сақлаб қолади. Амалда Концерн таркибидаги корхоналар илмий-техникавий ва и. ч. тараққиёти, шунингдек, инвестиция, молия, ташқи иқтисодий фаолият, корхоналарга хизмат кўрсатишни ташқил этиш соҳаларидаги вазифаларни марказлаштириш асосида фаолият кўрсатади. Корхоналар умумий молия, ягона илмий-техника потенциали ва кооперациялашган барқарор алоқаларга эга бўлади. Айрим Концернлар мураккаб маҳсулотларни тайёрлашнинг жами и. ч. циклини амалга ошириш мумкин. Тармоқ ва тармоқлараро Концернлар бор. Бир корхона фақат бир Концернга кира олади.

Концерн дастлаб 1-жаҳон уруши йилларида (1914—18) ташқил топган. Ҳоз. даврда, айниқса, ривожланган мамлакатларда саноат, транспорт, савдо, банк, суғурта, алоқа, матбуот, радио-телевидение компанияларини бирлаштирадиган, халқаро даражада фаолият кўрсатадиган, жаҳон мамлакатларида шохобчалари кенг ривож топган Концерн бор. Халқаро Концернлар трансмиллий Концерн деб аталади.

Бозор иқтисодиётига ўтиш шароитларида Ўзбекистонда 1991 й. окт. дан бошлаб моддий и. ч. билан боғлиқ тармоқ вазирликлари ўрнида йирик Концернлар ташқил қилинди («Ўзкимёсаноат», «Ўздавмашконцерн», «Радиоэлектронтехасбоб», «Ўзбалиқ», «Ўзавтойўл» ва б.).

Қодиржон Юсупов.

Loading...