КОНЦЕРТ

КОНЦЕРТ (лот. concerto — мусобақалашаман) — 1) олдиндан эълон қилинган дастур асосида санъаткорларнинг махсус жой (зал, саҳна)да чиқиши; мусиқа, адабий, эстрада асарларини оммавий ижро этиш. Концерт дастлаб мумтоз (симфоник, камер, яккахон вокал ҳамда якканавоз чолғу ва б.) мусиқа асарларини ижро этилиши ҳамда тингланиши учун ташқил этилган жамоа тадбири сифатида намоён бўлган. Биринчи Концертлар 1672—78 й. ларда Лондонда скрипкачи Ж. Банистер томонидан уюштирилган. 19-а. да эса Концертларни турли мусиқа жамиятлари, филармонияпар томонидан ташқил этилиши ривож топган. Ҳозирда Концерт атамаси бадиий мазмунига ҳамда намоён бўлиш жойига қараб — адабий, рақс, кино, эстрада Концертлари, радио—К. и ва б. маъноларда талқин этилади. Ўзбекистонда Концертларни «Ўзбекнаво», «Ўзбекрақс», «Ўзбектеатр» давлат бирлашмалари, Ўзтелерадиокомпанияси, Маданият ишлари вазирлиги ва б. уюштиради;

2) Европа мумтоз чолғу мусиқаси жанри, бир ёки бир неча якканавоз созлар ва оркестр учун ёзилган мусиқа асари. 17а. охири — 18-а. 1-ярмида Европа санъатида вужудга келган (А. Вивальдиннт скрипка ва оркестр учун Концерт лари). Якканавоз чолғу билан оркестр (ёки чолғу гуруҳлари) ўртасида ижо-дий мусобақа, мунозара К. нинг ўзига хос хусусиятидир. Вена классик мактаби вакиллари ижодида Концертнинг соната – симфоник туркумидан иборат юксак намуналари юзага келган. Л. Бетховен К. нинг симфониялашувини бошлаб берди. Ф. Лист бир қисмли Концерт шаклини ижод қилди. Концерт жанри, айниқса, 19-(Н. Паганини, Ф. Шопен, Р. Шуман, И. Брамс, К. Сен-Санс, П. Чайковский ва б.) ва 20-а. лар (Б. Барток, С. Прокофьев, М. Равель, С. Рахманинов, Я. Сибелиус, И. Стравинский, П. Хиндемит, Д. Шостакович, А. Хачатурян, Қ. Қораев, А. Шнитке ва б.) да кенг ривож топди. Ўзбекистонда Концертнинг илк намуналари 1940-й. ларда пайдо бўлди (Г. Мушелнинг фортепиано К. лари). Кейинчалик Ик. Акбаров, Б. Гиенко, Ф. ЯновЯновский, С. Жалил, Р. Абдуллаев, Н. Ғиёсов, А. Эргашев ва б. нинг айрим созлар, турли оркестрлар учун яратилган Концертлари диққатга сазовор. И. Ҳамроев, М. Бафоев, П. Холиқов, А. Отажонов ва б. ўзбек халқ чолғулари учун Концертлар яратишган.