КОНТУЗИЯ

КОНТУЗИЯ (лот. contusio — лат ейиш) — зарба натижасида шикастланиш; бутун аъзои бадан (ёки тананинг кўп қисми) лат еганда организмнинг умумий шикастланиши. Контузия кўпроқ ҳавода ёки сувда кучли портлаш рўй берганда юзага келадиган қаттиқ тўлқин таъсирида пайдо бўлади: Қаттиқ нарса билан урганда, заранг ерга йиқилганда, қаттиқ калтаклаш натижасида (кўз К. си), атмосфера босими ва вибрациянинг кескин ўзгаришларида ҳам Контузия ҳолати кузатилади. Маҳаллий ва умумий, шунингдек, енгил ва оғир Контузия фарқ қилинади. Унинг асосий белгиси марказий ва периферик нерв системасининг зарарланиши, эсҳушнинг йўқолишидир. Контузия енгил кечганда одам карахт бўлиб, қисқа муддатга (бир неча мин. га), оғир Контузияда бутунлай ва узоқ вақт (соатлаб ва ҳатто суткалаб) ҳушини йўқотади, ҳатто кома вужудга келади, аксари юрак ва нафас фаолияти бўзилади, ички аъзоларга путур етади, амнезия рўй беради. Контузияга йўлиққан бемор ўзига келгач, кучли бош оғриги ва бош ай-ланишидан безовталанади, ҳеч нарса эшитмайди, гапира олмайди (қ. Гунглик). К. ҳолати 1—4 кундан 1—2 ҳафтагача давом этиб, кейин барча аломатлар ўтиб кетади ёки унинг айримлари (толиқиш, уйқусизлик, қизиққонлик, иштаҳа йўқолиши каби астеник синдром белгилари) сурункали тус олади. Бош мия К. сида мия чайқалишида учрайдиган белгилар билан бир қаторда фалажланиш, сезувчанликнинг бузилиши, ҳаракат мувозанатининг ўзгариши ва ҳ. к. кузатилади. Бемор дарҳол касалхонага ётқизилади ва тинч шароит яратилади, унинг аҳволи ва жароҳатланиш жараёнига қараб зарур дори-дармонлар буюрилади; зарурият бўлса, операция қилинади.