КОНВЕКЦИЯ

КОНВЕКЦИЯ (лот. convectio — келтириш, элтиб бериш) — 1) суюқлик, газ ва сочилувчан муҳитларда шу муҳитдаги модда оқими орқали иссиқликнинг кўчиши. Табиий (эркин) ва мажбурий хиллари мавжуд. Табиий Конвекция оғирлик кучи майдонидаги оқувчи ёки сочилувчан моддалар нотекис қиздирилганда вужудга келади. Кучлироқ қиздирилган модданинг зичлиги камроқ бўлади ва Архимед кучи ҒЛ = Др – V таъсирида камроқ қиздирилган моддага нисбатан кўчади, бу ерда Др — қиздирилган модда ва атроф муҳит зичликлари фарқи, V — қиздирилган модда ҳажми. Конвекция йўналиши оғирлик кучи йўналишига тескари бўлади. Конвекция модда т-расини тенглаштиришга олиб келади. Мажбурий Конвекцияда модда кўчиши, асосан, бирор қурилма (насос, аралаштиргич ва б.) таъсирида содир бўлади. Бу ерда иссиқлик кўчиши жадаллиги фақат юқорида айтилган омилларга эмас, балки модданинг мажбурий ҳаракати тезлигига ҳам боғлиқ;

2) атмосфера қатламида ҳаво алмашиниши. Конвекция туфайли момоқалдироқ рўй бериши, сел, дўл ёғиши мумкин. Баъзан, атмосфера фронти (оқими) бўлиб, иссиқ ва совуқ ҳаво қатлами кўчади, пастдан юқорига иссиқ ҳаво кўтарилади ва ҳар 100 м баландликка кўтарилганда 1° совийди, лекин конденсатланиш, инверсия туфайли ҳаво жуда баланд кўтарилиши мумкин эмас. Термик Конвекция ёз кунлари қуруқликда, қиш кунлари эса денгиз сиртида ҳосил бўлади;

3) зарядланган жисм билан бирга заряд кўчиши. Атмосферада ҳаво массаси ёки бу-лутлар электр зарядини кўчиради, бунда ҳосил бўлган ток К. токи дейилади;

4) кўл, денгиз ёки океанларда сувнинг вертикал ҳаракати. Бундай Конвекция сув т-раси ёки шўрлигининг ўзгариши сув зичлигининг ўзгаришига олиб келади. Конвекция туфайли сувнинг физик ва кимёвий тафсилотлари мувозанатлашиб туради, сувнинг пастки катламларида, шунингдек, қиш ойларида океанлар соҳилларида об-ҳаво иссиқроқ бўлади.

Prev Article

КОНВЕЙЕР

Next Article

КОНВОЙ