КОНЬЯК

КОНЬЯК (Франциядаги Коньяк ш. номидан) — оқ узумдан олинган коньяк спиртидан тайёрланадиган ичимлик. Олинган 65—70% ли спирт эман (дуб) бочкаларда сақланади. Бочка тахтачаларининг орасидан кирган кислород ҳисобига янги Коньяк спирти оксидланади ва ҳосил бўлган учувчан органик кислоталар, эманнинг ўзига хос ҳидли моддалари унга сарғиш ранг ва Коньяк бўйини беради. Тайёрланиш технологиясига кўра, оддий (3—5 йиллик спиртдан), маркали ва коллекцион турларга бўлинади (маркали Коньяк 6 й. дан 50 й. гача сақланган Коньяк спиртидан тайёрланади). Ўткир Коньяк спиртидан 40—41° ли Коньяк тайёрлаш учун унга дистилланган сув қўшилади. Коньяк спирти 3, 4, 5 й. сақланса ва спирт ҳажми 41% бўлса, шишадаги ёрликда ҳам 3, 4, 5 юлдуз сурати кўрсатилади. Сақлаш муддати 6—7 йил, спирт ҳажми 42% бўлса узоқ сақланган олий сифатли Коньяк, 10 йилдан ошиқ сақлангани эски Коньяк дейилади ва шиша ёрлиғига сақланган муддатларини кўрсатувчи махсус белгилар қўйилади. Коньяк ишлаб чиқариш Франциядаги Коньяк ш. да кенг ривожлангани учун бу ичимлик шу шаҳар номи билан аталган. Ўзбекистонда Янгийўл ва Самарқанд виночилик корхоналарида «Ўзбекистон», «Шодлик», «Анҳор», «Самарқанд», «Афросиёб» ва б. маркали Коньяклар юқори сифатли ҳисобланади. 2000 й. да Ўзбекистонда 131 минг дал Коньяк ишлаб чиқарилди.

Олимжон Алимов.