КОНЪЮГАЦИЯ

КОНЪЮГАЦИЯ (лот. conjugatio — қўшилиш) — 1) конъюгат сувўтларда — ўзига хос жинсий жараён, бунда ташқи томондан бир-бирига ўхшаш иккита вегетатив ҳужайра суюқлиги қўшилади;

2) инфўзорияларда — жинсий ядроларнинг алмашиниши ва уларнинг жуфт бўлиб қўшилиши; бунда инфузориялар оғиз тешиги жойлашган томони билан жуфт бўлиб яқинлашади. Қўшилганда макронуклеус (вегетатив ядро) аста-секин парчаланади, микронуклеус (жинсий ядро) эса мейоз йўли билан 2 карра бўлинади, шундан кейин учта ядро парчаланади, биттаси эса яна бўлинади ва унинг ҳар бир бўлаги бошқасининг ярим бўлаги билан алмашинади, яъни қўшилиш рўй беради ва хромосомаларнинг қўш тўплами қайта тикланади. Сўнгра макронуклеус микронуклеус нинг бўлиниши йўли билан қайта тикланади. Баъзан Конъюгацияда бир ҳужайрадан иккинчисига цитоплазманинг озгина қисми ва шу билан бирга цитоплазманинг ирсий хусусиятлари ҳам ўтади;

3) бактерияларда — бир бактерия ҳужайрасидаги генетик материални иккинчи бактерия ҳужайрасига олиб ўтказиш усули. Бунда иккита бактерия ингичка кўприкча билан боғланади ва шу кўприкча орқали бир ҳужайрадан (донор) бошқасига (реципиент) дезоксирибонуклеин кислота (ДНК) ипининг бир бўлаги ўтади. Реципиентнинг ирсий хусусиятлари ДНК бўлагида ўзатилган генетик информация микдорига қараб ўзгаради;

4) хромосомалар конъюгацияси — гомологик хромосомаларнинг жуфт-жуфт бўлиб яқинлашуви, бунда уларнинг гомологик қисмлари алмашиниши мумкин, натижада турли хил аномалиялар юз беради (тугунчалар ҳосил бўлиши ва ҳ. к.). Жинсий жараёнда хромосомалар ўзаро қўшилиб кетмайди; уларда Конъюгация фақат мейознинг бошида рўй беради; сўнгра ҳар хил ҳужайраларга тарқалиб кетади.