КЎП ОВОЗЛИЛИК

КЎП ОВОЗЛИЛИК, кўп овозли мусиқа — 1) кенг маънода — мусиқийтарихий тушунча; нота ёзуви, шунингдек, гармония, полифония унсурларига асосланган композиторлик (мусиқа) ижоди (акси — монодия). Европа санъатида 9—10 а. лар черков мусиқасида, кейинчалик дунёвий мусиқа санъатида ривож топди. Ўзбекистонда илк кўринишлари 19-а. нингохирида (В. Лейсекнинг «Осиёча попурри», 1890 ва б.) пайдо бўлган, 1930-й. лардан бошлаб В. Успенский, А. Козловский, Р. Глиэр, Г. Мушель, кейинчалик М. Бурҳонов, Ик. Акбаров каби композиторлар ижодида, анъанавий миллий мусиқа хусусиятлари заминида ривожлана бошлади;

2) тор маънода — мусиқий фактура (товуш ва овозларнинг ўзаро нисбатлари)га тегишли тушунча, бир неча овознинг баробар садоланишига асосланган мусиқа тизими, акси бир овозлилик. Гетерфония, гомофония, контрапункт (полифония), унисон каби турлари бор. К. о. композиторлик мусиқасига нисбатан кўпроқ ўрганилган бўлсада, унинг илдизлари халқ мусиқасига бориб тақалади. Жумладан, ўзбек анъанавий ансамбллари, шунингдек, дутор, дўмбира, танбур, қонун, чанг каби чолғулар ижросида Кўп овозлиликнинг ўзига хос кўринишлари намоён бўлади.

Олимжон Беков.