КЎП ЙИЛЛИК ЎСИМЛИКЛАР — икки йилдан ортиқ яшай оладиган ўсимликлар. Ер шари флорасининг кўпчилиги Кўп йиллик ўсимликларга киради. Кўп йиллик ўсимликлар ташқи кўриниши ва биологик хусусиятлари билан жуда хилма-хилдир. Мўътадил иқлими кенгликларда Кўп йиллик ўсимликларнинг кўпчилик гуруҳини ўтсимон ўсимликлар, тропик зоналарда эса кўпроқ дарахт ва буталар ташкил этади. Кўпчилик ўтсимон Кўп йиллик ўсимликларнинг узоқ муддат яшаши уларда поя (илдизпоя, пиёзчалар, туганак пиёзчалар) ва илдизсимон махсус (ғамлайдиган) органлар мавжудлигига боғлиқ. Кўп йиллик ўсимликларнинг яшаш муддати кескин фарқланади ва бир неча йилдан тортиб то 10 ва 100 йилгача, баъзан, ҳатто, 1000 йилгача чўзилиши мумкин. Дарахт ва буталар Кўп йиллик ўсимликлар ичида энг узоқ муддат яшайдиган ўсимликлар ҳисобланади. Мас, эман 500 — 1000 й., шувоқ 100 й. яшайди. Айрим Кўп йиллик ўсимликлар яшаш жойини ўзгартириш ва инсон фаолияти натижасида бир йиллик ўсимликка айланиши мумкин.
Мас, аслида Кўп йиллик ўсимликлар бўлган картошка, батат, ғўза, канакунжут Ўзбекистон шароитида бир йиллик экин тарзида ўстирилади.
Дилором Ёрматова.