КОПЕНИ ЧААТАСИ

КОПЕНИ ЧААТАСИ (хакасча чаатас — жанг тоши) — хакасларнинг аждоди Енисей қирғизларининг мозорқўрғони (7—8-а. лар). Енисейнинг сўл соҳили, Хакасия (РФ)даги Копени қишлоғи яқинидан топилган. Коятош бўлақларидан ишланган, диаметри 20 — 30 м келадиган бир қатор қўрғонлардан ташқил топган. Уларда қабила зодагонлари дафн этилган; теварак-атрофида оддий қабила аъзоларининг қабрлари жойлашган. 1939—40 й. ларда Л. А. Евтюхова ва С. В. Киселев казишма ишлари олиб борганлар. Маййитлар куйдириб дафн этилган; қабрлар қад. замонларда ва 18а. бошида ғорат қилиниб таланган. Бироқ қазишмалар пайтида қабрлар ёнидан хуфия жойлар аниқланиб улардан ажойиб санъат асарлари, жумладан, олтин идиш, кумуш товоқда турган 4 та олтин кўза, от эгарининг ов манзараси акс эттирилган жез тўқачалари топилган. 2 олтин кўзада қад. урхун-енисей алифбосида битилган ёзувлар бўлиб, унга кўра кўзалар фуқароларнинг бекка тўлаган соликлари ўрнини босган. Копени Чаатаси буюмлари қад. маҳаллий анъаналар асосида маҳаллий усталар томонидан яратилган.