КЎПЕРЕН

КЎПЕРЕН (Couperin) Франсуа (1668.10.11 – Париж – 1733.12.9) – француз композитори, органчи, клавесин ижрочиси. Машҳур француз мусиқачилари «Кўперенлар» сулоласидан, замондошлари унга — «буюк Кўперен» номини беришган. Дастлабки мусиқа сабоқларини ўз отаси (Шарль Кўперен)дан олган. Париждаги Сен-Жерве черкови (1685 — 1723) ва Франция қироли саройида (1693 й. дан) органчи, клавесинда ҳам моҳир ижрочи (1702—30). Кўпереннинг ижоди — классицизм давридаги француз мусиқа санъатининг чўққисидир. Услуби — психологик ёрқин ва муайян программали образлар, рангбаранг куйлар, бой мусиқий безаклар, композицион мукаммалликка асосланган. Клавесин учун 250 га яқин пьесалар, камер-чолғу ва орган учун, шунингдек, диний мавзудаги асарлар яратган. «Клавесин чалиш санъати» китобининг муаллифи (1716). 12 жилддан иборат асари тўла нашр этилган (Париж, 1932-33).