КОПРОФАГЛАР (юн. Kopros — гўнг, тезак ва… фагия) — ҳайвонлар (асосан, сут эмизувчилар) тезаги билан озиқланадиган ҳайвонлар. Умуртқасиз ҳайвонлардан камтукли чувалчанглар, ҳашаротлардан гўнгхўр қўнғизлар, икки қанотлилар қуртлари, орабатид каналар ва б. да учрайди. Айрим гўнгхўр қўнғизлар муайян турга мансуб ҳайвон тезаги билан озиқланишга ихтисослашган (мас, Aphodius fossor, onthophagus taurus фақат қорамоллар тезаги билан озиқланади). Копрофаглар кемирувчилар ва товушқонсимонлар орасида ҳам учрайди. Улар ўз тезагини ейди, яъни озиқ икки қайта ичақдан ўтади. Бу ҳолат Копрофаглар ҳазм қилиш жараёни самарадорлигини оширади, чунки тезак клетчатка ва б. углеводларни парчалайдиган микрофлорага бой бўлади. Тезак ичак орқали қайта ўтказилганида ундан ичак микрофлораси ишлаб чиқарадиган азотли моддалар, жумладан, аминокислоталар ва витаминлар қайта ҳазм бўлади. Кўпчилик умуртқасиз ҳайвонлар, мас, термитлар, чумолилар факультатив Копрофаглар ҳисобланади. Улар копрофаглик туфайли ичак микрофлорасига эга бўлади.