КЎРАГОН, кўрагон, гургон (мўғулча — куёв) — Чингизхон хонадонига мансуб маликаларга уйланган шахсларга берилган унвон. Тарихий манбаларга қараганда, Чингизхоннинг отаси Ясугай баҳодир ўғлига совчи бўлиб Дайчеченнинг ҳузурига борганда, у «Майли қизимни берай, сен эса ўғлингни «куёв» (gurgen-kurgen) қилиб ташлаб ўзинг кетабер», дейди. Ясугай баҳодир 9 ёшли ўғли Чингиз — Темучинни Дайчечен хонадонида «куёв» қилиб қолдирган. Чингизхон ва унинг авлодлари қизларига уйланган қатор шахслар Кўрагон унвонини олганлиги билан фахрланиб юрганлар. К. Мовароуннаҳрда мўғуллар истилосидан сўнг истеъмолда бўлган. Амир Темур ва Темурийлар даврида бу унвон киши исмига қўшиб айтилган. Мас. Амир Темур К., Улуғбек К., Мироншоҳ К. ва б. Шунингдек, темурийлар зарб этган тангаларда ҳам «Кўрагон» унвони битилган. Кўрагон унвонига эга амирнинг бошқа амирларга қараганда имтиёзлари катта бўлган.