КОРАЛЛ ПОЛИПЛАР

КОРАЛЛ ПОЛИПЛАР, маржон полиплар (Anthozoa) — денгиз бўшлиқичлилари синфи. Колония бўлиб, айрим турлари якка яшайди; медўза ҳосил қилмайди. Кўпчилиги оҳак ёки мугуз скелетли. Якка яшовчи Коралл полиплар скелетсиз. Колониядаги айрим индивидлар цилиндр шаклида; танаси асоси билан колонияга ёпишиб ўсади. Якка яшовчи Коралл полиплар товони ёрдамида субстратга ёпишиб олади. Товонининг қарама-қарши томонида жойлашган оғзи пайпаслагичлар билан ўралган. Гастрал бўшлиғи радиал тўсиклар (мезентерийлар) ёрдамида камераларга бўлинган; эктодермал ҳалқуми оғзидан камералар бўшлиғига осилиб тўшади. Жинсий ва жинссиз кўпаяди. Жинсий ҳужайралари мезентерий тўсиқлар эндодермасида ривожланади. Тухумдан чиққан планула личинкаси бир оз сузиб юргач денгиз тубига ёпишиб, вояга етган полипга айланади. Якка яшовчи актиниялар бўйига бўлиниб кўпаяди. Коралл полиплар 6 нурлилар ва 8 нурлилар кенжа синфларига бўлинади. 6000 га яқин тури маълум. Колония бўлиб яшовчи кизил қоралл ва якка яшовчи актиниялар кўпчиликка маълум.

Loading...