КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ, КР

КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ, КР (Taehan Minguk) — Узоқ Шарқда, Корея я. о. да, 38-параллелдан жан. да жойлашган давлат. Майд. 98,48 минг км2. Аҳолиси 47,904 млн. киши (2001). Пойтахти — Сеул ш. Маъмурий жиҳатдан 9 вилоят (province) ва вилоят мақомидаги 2 шаҳар (Сеул ва Пусан)га бўли-нади. Расмий тили — корейс тили. Йи-рик шаҳарлари: Сеул, Пусан, Кванжу, Инчхон, Тэчжон, Ульсан.

Давлат тузуми. КР — парламентли республика. Амалдаги конституцияси 1988 й. 25 фев. дан кучга кирган. Давлат бошлиғипрезидент. У аҳоли томонидан умумий тўғри ва яширин овоз бериш йўли билан 5 й. муддатга сайланади. Конституцияга биноан, президент ҳокимияти бирмунча чекланган. Қонун чиқарувчи ҳокимиятМиллат мажлиси. Ижроия ҳокимиятни президент ва бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Тарихи. КР 1948 й. да эълон қилинган. 40 й. мобайнида диктаторлик режими ҳукмронлик қилди. Аввалига Ли Син Ман (1960 й. да ағдариб ташланди), сўнг Пак Чжон Хи (1979 й. да ўлдирилди) режими ҳукм сурди. 1980—87 й. ларда Чон Ду Хван президент лавозимида бўлди. 1987 й. да ўткашлган референдум янги конституциями тасдиқлади. 1988 й. 25 фев. да кучга кирган мазкур конституция кўп босқичли сайлов ўрнига тўғри президент сайловини жорий этди, парламентнинг ҳуқуқларини кенгайтирди, президентнинг ваколатларини чеклади, унинг лавозимда бўлиш муддатини 7 й. дан 5 и. га келтирди, армиянинг сиёсатда қатнашмаслиги хақидаги низомни конституцияга киритди, матбуот эркинлигини мустаҳкамлади.

1992 й. дек. да ўтказилган президент сайловида Демократик либерал партия номзоди ким Ен Сам ғалаба қозонди. Унинг шиори «баркарорлик шароитидаги ислоҳотлар» эди. Ҳарбийларнинг неча ўн йиллик ҳукмронлигидан сўнг биринчи марта фуқаро сиёсатчи олий лавозимига сайланди. Бу даврда либерал-демократик ислоҳотлар ўтказилди. Мухолифат фаолияти парламент доирасидан четга чиқмаслиги белгилаб қўйилди. 1997 й. 18 дек. да бўлиб ўтган сайловда эса Ким Дэ Жунг, 2002 й. дек. да бўлиб ўтган сайловда Ро My Хен президент этиб сайланди. Миллий байрамлари: 15 авг. — К. озодлиги куни (1945); 3 окт. — Давлатга асос солинган кун. ЎзР билан дипломатия муносабатларини 1992 й. 29 янв. да ўрнатган.

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Янги минг йиллик демократик партияси, 2000 й. да тузилган; Демократик партия, 1991 й. да ташқил этилган; Янги Корея республикаси, кр демократик партияси, 1985 й. да асос солинган; Бирлашган халқ партияси, 1992 й. да тузилган; Бирлашган либерал демократлар, 1995 й. да асос солинган; Демократик халқ партияси, 2000 й. да тузилган; Буюк мамлакат партияси, 1997 й. да асос солинган. Корея республикаси, кр касаба уюшмалари федерацияси, 1946 й. да тузилган, Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерациясига киради.

Хўжалиги. КР — жўшқин ривожланаётган индустриал-аграр мамлакат. Кейинги 30 й. мобайнида иктисодий ўсиш суръати жиҳатидан дунёда олдинги ўринлардан бирини эгаллаб келди. Ялпи ички маҳсулотда саноат улуши 34%. Миллий маҳсулот ҳажми аҳоли жон бошига 1989 й. ги 4830 АҚШ долларидан 1996 й. да 10 минг долларга етди. Юксак технологияларга асосланган ҳамда экспортга маҳсулот тайёрловчи тармоқлар ва оғир саноат илдам ривожланди. Фойдали қазилмалар орасида тошкўмир конлари жуда катта аҳамиятга эга; темир, рух ва мис рудалари, вольфрам, қалай, олтин, кумуш қазиб олинади. Шунга қарамай, зарур саноат хом ашёсининг кўп қисми чет эллардан келтирилади.

С а н о а т и . Ишлаб чиқарувчи саноат иқтисодиётда етакчи ўринда. КР кемалар, енгил автомобиллар, электроника ва электротехника, нефть, пўлат, тўқимачилик маҳсулотлари и. ч. бўйича дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Пхохан ш. да мамлакатдаги энг катта металлургия кти бор. Бундан ташқари, рангли металлургия, кимё, енгил саноат корхоналари мавжуд. Сеул, Инчхон, Тэгу, Пусанда ип газлама, Чхонжу ва Кванжуда табиий шойи газлама, Ульсан ва Пусанда кема и. ч. марказлари барпо этилган. Кўпданкўп шоли окдаш, ун тортиш, қанд-шакар, сояни қайта ишлаш, виночилик, тамаки, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва ш. к. корхоналар бор. Телевизор, радиоприёмник, велосипед, мотоцикл, автомобиль мотори, электротехника асбобускуналари и. ч. энг янги техника асосига қурилган. Қоғоз, ёғочсозлик, бинокорлик ашёлари саноати, уй-рўзғор асбоблари ишлаб чиқарувчи, ҳунармандчилик корхоналари мавжуд. Қудратли энергетика базаси вужудга келтирилган (йилига ўртача 119 млрд. кВт-соат). Ҳосил қилинаётган электр энергиянинг 50% АЭСларга тўғри келади. Мамлакатда аэрокосмик саноатини ривожлантириш дастурини амалга оширишга киришилган. Биотехнология, ген инженерияси, лазер, композицион материаллар яратиш соҳасидаги илмий-техникавий ишланмалар фаол йўлга қўйилган. Барча соҳалар гуркираб ривожланиши туфайли КР корпорациялари тобора ғарбдаги етакчи компанияларнинг жиддий рақобатчисига айланиб бораётир.

Қишлоқ хўжалиги. Кишлоқ ва ўрмон хўжалигида, балиқчиликда аҳолининг салкам 18% шуғулланади. Бу тармоқлар ялпи ички маҳсулотнинг 8% ни беради. Қ. х. мамлакат озиқ-овқат эҳтиёжининг 65% ни қондиради. Ер майдонининг 21%га экин экилади, шундан 50% суғорилади. Кўп жойларда йилига 2—3 марта ҳосил олинади. Деҳқончиликда шоли, арпа ва буғдой, шунингдек, маккажўхори, соя, картошка, батат, каноп, женьшень етиштирилади. Кўп миқдордаги дон четдан келтирилади. Чорвачилик сует ривожланган, қорамол, чўчқа, парранда боқилади, балиқ ва денгиз жониворлари овланади. Тоғли жойларда ёғоч тайёрланади.

Транспорти. Т. й. лар узунлиги — 7 минг км, автомобиль йўллари ўз. — 55 минг кмдан зиёд, денгиз савдо флоти тоннажи 11,7 млн. т дедвейт. Денгиз портлари: Пусан, Ульсан, Инчхон, Масан, Пхохан, Мокпхо, Йосу. Сеул, Пусан, Тэгуда катта аэропортлар бор.

Ташқи савдоси иктисодий жиҳатдан ривожланган АҚШ, Япония, Канада ва Европа Иттифоқи мамлакатларига қаратилган. Россия ва МДҲдаги бошқа мамлакатлар билан ҳам иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйган. Экспортида и. ч. саноати маҳсулоти устун. Унинг 95% ни тайёр махсулотлар (кемалар, электрон товарлар, телевизорлар ва б.) ташқил этади. Минерал хом ашё ҳам чиқаради. Четдан ёқилғи, хом ашё, озиқ-овқат, машина ва ускуналар, кимё маҳсулотлари олади. Пул бирлигивона.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. 6—11 ёшдаги болаларнинг бошланғич маълумот олиши мажбурий. Давлат ўқув юртлари билан бир қаторда хусусий бошланғич ва ўрта мактаблар ҳам бор. Бошланғич мактабда мажбурий таълим жорий этилган бўлиб, ўқиш муддати 6 й., ўрта мактабда 3 й., оширилган даражадаги ўрта мактабда 3 й. Магистратурани битирганларга илмий даража берилади. 500 дан кўпроқ (шундан 400 таси хусусий) олий ўқув юрти бўлиб, уларда 1 млн. 390 минг талаба ўқийди, юздан ортиқ коллеж ва ун-т мавжуд, улардан энг йириклари: Сеул давлат унти (1905), Енсе, Кёнхи, Конгук, Кукмин, Кориа, Хангук, Ханьян каби хусусий ун-тлар. Технология ин-ти, Қон текширув ин-ти ва б. илмий марказлар ташқил этилган. 1958 й. тузилган Атом энергияси бошқармаси ҳузурида атом энер-гияси ва тиббий радиация ин-тлари очилган. Сеулда Миллий фанлар ака-демияси, Миллий санъат академияси, бир қанча и. т. ин-тлари, Миллий кутубхона, Сеул ва Корея ун-тларининг кутубхоналари, Миллий музей, Миллий илмий музей ва ҳ. к. лар мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. КРда 700 га яқин кундалик газ. нашр этилади, уларнинг тахм. ярмиси Сеулда чиқади. Энг йириклари: «Тона ильбо» («Шарқий Осиё газетаси», 1920 й. дан), «Хангук ильбо» («Корейс газетаси», 1954 й. дан), «Чосон ильбо» («Корея газетаси», 1920 й. дан), «Кенхян синмун» («Кечки газета», 1946 й. дан), «Қориа геральд» («Корея хабарчиси», 1953 й. дан), «Кориа тайме» («Корея вақти», 1950 й. дан), «Сеул синмун» («Сеул газетаси», 1945 й. дан) ва б. Ренхап ахборот агентлиги 1980 й. да тузилган. «Қориан Бродкастинг систем» радиоэшиттириш ва телекўрсатув корпорацияси 1926 й. да ташқил этилган. Етакчи радиост-ялари: «Крисчиан Бродкастинг Систем», «Киктон Бродкастинг Систем» ва «Асиа Бродкастинг Систем» (асосан, хорижий Узоқ, Шарқ мамлакатларига мўлжалланган).

Адабиёти. Япон мустамлакачилари мамлакатдан қувилгач, кўпгина ёзувчилар истиқболга умид руҳи билан суғорилган асарлар яратишди. Ли Ха Юн, Ким Гван Соп ва б. нинг шеърларида истиқлол ғоялари акс этди. Катта авлод прозачилари натурализм ва декадентлик адабиёти анъанасини давом эттирди. 1954 й. дан прозачиларнинг ёш авлоди етишди, бўлар Ғарбда расм бўлган «янги танқид» оқими ва антироманизм назарияси таъсирига жуда ҳам берилган. Кўп асарлар уруш ва ёлғизликка бағишланган. Ли Дон Жи ва Ли Хён Ги асарларида мистицизм ҳамда «шарқ тафаккури» ўзига хослиги ғоялари акс эттирилган. 1960 й. ўрталаридан уруш азоблари, инсоннинг ёлғизлик ҳиссиёти, умидсизлик оҳанглари устунлик кила бошлади. 70— 80-й. ларда реалистик илғор анъаналар кучайди, воқеликка танқидий муносабат ривожланди (Ким Жи Ха шеърлари), адабиётда илғор тамойиллар пайдо бўла бошлади.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. 1950—80 й. ларда жамоат бинолари, асосан, Ғарбий Европа меъморлиги услубида қурилган (Сеулдаги «Қориа эйр Лайнс» авиация компаниясининг биноси). Миллий меъморлик услублари асосида замонавий конструкциялар билан қурилган бинолар ҳам учрайди. (Сеул яқинидаги «Уокер-Хилл» оромгоҳ маркази). Турар жойларнинг аксарияти типовой лойиҳалар асосида қурилади. кўп. Рангтасвирчилардан Ким Ин Син, Ли Жун Соп ва б. европача реалистик оқимга, Ким Хван Ги, Нам Гван каби рассомлар, Ким Ён Хак, Чон Сан Бом сингари ҳайкалтарошлар эса модерн оқимига тақлид қилади. Ким Ги Чкан, Пак Нэ Хен ижодида миллий услуб европача услубга ҳамоҳанг тарзда на-моён бўлади. Амалий тасвирий санъат анъаналари асосида буюмлар тайёрлаш ривожланган.

Мусиқаси. Миллий мусиқа санъати айрим ватанпарварлар ҳаракати туфайлигина сақлаб қолинди. Халқ хонандалик санъатининг пхансори деб аталган тури КР да қайта тикланди. Мусиқали драмага ўхшаш бу турда актёрлик, ашула ва рақс уйғунлашган. 1945 й. да симфоник оркестр ташқил этилган. Кўпгина эстрада ансамбллари ишлаб турибди. Сеулда опера труппаси бўлиб, у чет эл (асосан, Европа) спектаклларини қўяди. Симфоник оркестрлар ва айрим ун-тлар ҳузурида мусиқа коллежлари бор. «Милжун», «Тонъян» драма театрлари, кичиккичик театр труппалари мавжуд. Уларга Ғарб замонавий санъатининг таъсири катта. Чонлар триоси, скрипкачи Ким Ён Ук, қўшиқчилар Ханс Чхве, Чо Суми ва б. ижрочиларнинг номи дунёга машҳур.

Киноси. 1946 й. КР кинематографияси вужудга келди. 40-й. лар охиридаги фильмлар, асосан, Ватанни япон босқинчиларидан озод қилишга бағишланди («Мудҳиш тун», «Ортикча одам»). Кейинги йилларда ватанни бирлаштириш кинематографиянинг асосий мавзуи бўлиб қолди.

Ўзбекистон — КР муносабатлари. КР 1991 й. 30 дек. да ОсиёТинч океан минтақаси давлатлари орасида биринчи бўлиб ЎзР мустақиллигини тан олди. Ўзбекистон билан КР ўртасида 1992 й. янв. да дипломатия муносабатлари ўрнатилгандан кейин сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Мамлакатимиз раҳбари И. Каримовнинг 1992, 1995, 1999 й. ларда КР га ва КР президентининг 1994 й. да Ўзбекистонга расмий ташрифлари чоғида имзоланган ҳужжатлар ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий пойдеворини яратди. 1999 й. да ўзаро товар айланмаси ҳажми салкам 526,8 млн. АКШ долларига етди. КР Ўзбекистондан пахта толаси, ип газлама, калава ип, электр асбоб-ускуна, хом тери, ипак, кимёвий ўғит олиб, Ўзбекистонга транспорт воситалари, электр ва механиқ жиҳозлар, қора металл, каучук ва резина маҳсулотлари, бўёқлар, турли хил жиҳоз ва аппаратлар, тўқимачилик маҳсулотлари юборади.

Ўзбекистонда корейс сармояси иштирокидаги 80 га яқин корхона бўлиб, улар транспорт, электроника, телекоммуникация, алоқа, тўқимачилик каби соҳаларга мансуб. «ЎзДЭУ авто», «ЎзДЭУэлектроникс», «Кабул-Ўзбек компани ЛТД», «ЎзСамсўнгэлектроникс» каби қўшма корхоналар шу жумлага киради. Улар автомобиль, халқ истеъмол моллари, радио электрон мақсулотлар и. ч. билан шуғулланади. Тўйтепада ва Тошкентнинг «Кўкча» даҳасида қурилган тўқимачилик корхоналари маҳсулотлари четга экспорт қилинаётир. Фарғона ва Наманган ш. ларида ҳам шундай корхоналар барпо этилади. Шунингдек, КРнинг 19 та компанияси ЎзР да ўз ваколатхонасини очган. 1994 й. дан буён иқтисодий ҳамкорлик ва савдо-сотиқ масалалари бўйича Ўзбекистон-Корея ва КореяЎзбекистон қўшма қўмитаси ишлаб келаётир. ЎзР Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки КР нинг 10 та банки билан вакиллик муносабатлари ўрнатган. Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) бир неча йиллар давомида республика вазирликлари ва идоралари билан фаол алоқа қилаётир. Шу ташқилот йўли билан ўзбек йигит-қизлари мунтазам равишда КР да малака ошираётир, Тошкент иктисодиёт ун-тида ва Молия ин-ти ҳузуридаги лицейда компьютер синфлари ташқил этилган. Ўзбекистондаги бошқа лицей ва коллежларни ўқув асбоб-ускуналари б-н жиҳозлаш лойиҳаси амалга оширилаётир. КР Маориф вазирлигининг 1992 й. майдан бери ишлаётган Тошкентдаги корейс таълим марказида олий ўқув юртлари муаллимлари ва талабалари учун танлов асосида малака ошириш йўлга кўйилган. 1993 й. мартда Тошкент шарқшунослик ин-тида кореяшунослик ф-ти очилган. Ўзбекистон жаҳон тиллари ун-тида «Корейс тили маркази», Самарқанд чет тиллар ин-тида «Корейс тили ва маданияти маркази» ишлайди. марказларни энг янги адабиёт ва видео ҳамда аудио кассеталар билан жиҳозлади.

Икки мамлакат ўртасида маданий алоқалар тобора кенгайиб бораётир. Ўзбек маданият ва санъат арбоблари КР да ўз маҳоратларини намойиш этиш, Ўзбекистонда корейс маданияти ҳафталикларини ўтказиш одат тусига кириб крлди. 1998 ва 1999 й. лардаги ана шундай хафталик доирасида Тошкентда корейс китоблари ва фотосуратлари кўргазмаси, корейс санъат арбоблари ва рассомлари кўргазмаси уюштирилди. Спорт турлари ва корейс анъанавий ўйинлари намойиш этилди. Кинофильмлар кўрсатилди, ниҳоят Алишер Навоий номидаги театрда машхур корейс ашула ва рақс ансамбллари катта томоша кўрсатишди.