КОРСЕТ (франц. corset) — 1) қадди-қоматни расо тутиш учун кўкрак қафасининг пастки қисми ва қоринни тортиб ушлаб турадиган махсус мослама; 2) умуртқа поғонаси синганда, касалланганда ва қийшайганда қўлланиладиган махсус ортопедик мослама. Корсет протезортопедик корхоналарда турли хил материаллар (чарм, гипс, пластмасса, мато ва ҳ. к.) ва четлари металлдан қилинади. Корсет танага ёпишиб туриши керак, шунинг учун уни бемордан олинган қолипга қараб тайёрланади. Ушлаб турувчи, енгиллик туғдирувчи ва тўғриловчи Корсетлар бор. Ушлаб турувчи ва енгиллик туғдирувчи Корсетлар умуртқа поғонаси синганда ва у операция қилингандан кейин буюрилади. Корсет, кўпинча умуртқа поғонасининг белдумғаза бўлими касалликлари (мас, бел умуртқаси силжиганда, остеохондроз, спондилолистез ва ҳ. к.) оқибатида бел оғриганда қўлланилади. Тўғриловчи Корсет умуртқа поғонаси ёнга бир оз қийшайган (сколиоз) болаларга умуртқа погонаси бутунлай қийшайиб қолишининг олдини олиш мақсадида буюрилади. Корсетни врач тайинлайди ва тўғри кийилганлигини текширади, кийиб юриш муддатини айтади ва назорат қилиб туради. Корсетни узоқ, вақт тақиб юрилганда гавда мускуллари заифлашиб қолиши мумкин, шунинг учун умуртқа поғонаси қанчалик шикастланганига ва касаллик босқичига қараб (врач тавсияси б-н) шифобахш гимнастика билан шуғулланиш ва гавда мускулларини массаж қилиши керак. Корсет тоза туриш учун трикотаж кўйлак ёки майка устидан кийилади. Пластмасса Корсетни ювса бўлади.