КЎРШАПАЛАКЛАР

КЎРШАПАЛАКЛАР (Microchiroptera) — қўлқанотли сут эмизувчилар кенжа туркуми. Мевахўр қўлқанотлиларга нисбатан кичик (танасининг ўз. 2,5 см дан 14 см гача) ва учишга кўпроқ мослашган, қулоқ супраси кенгроқ. Кейинги оёқларининг товонида тоғай пих бўлиб, унга учиш пардасининг кейинги учи туташган. Тишлари ҳашаротхўрларникига ўхшаш тузилган, озиқ тишларининг қирралари ўткир. Кўзлари яхши кўрмайди. Кўршапалаклар мукаммал эхолокация хусусиятига эга; атрофдаги нарсаларнинг ҳолатини (жумладан, ўлжасини) эшитиш органлари орқали қабул қилинадиган ультратовуш сигналлари ёрдамида аниқлайди. Кўршапалакларнинг эшитиш органлари 0,2 мс дан 100 мс гача давом этадиган 20—120 кТц частотали қисқа ультратовуш импульс ларини қабул қилади. Бундай сигналлар бўғизда ҳосил бўлиб, оғиз ёки бурун орқали тарқалади. Кўршапалаклар эхолокация орқали диаметри 0,1—0,08 мм гача бўлган сим тўсиқларни сезиши аниқланган. Эхолокация орқали сезиш 10 — 15 м дан ошмайди. 650 га яқин тури, жумладан, Ўзбекистонда 19 тури маълум. Тунда ёки шомда фаол учиб, озиқ қидиради. Кўпчилик турлари, жумладан, Ўзбекистонда тарқалган барча Кўршапалаклар қашаротлар билан озиқланади. Кўпчилик турлари тропик ва суптропик иқлимда тарқалган. Айрим тропик турлари мевалар, гул нектари ва чанги, иссиққонли ҳайвонларнинг қони, сут эмизувчилар, судралиб юрувчилар ва балиқлар билан озиқланади. Дарахтлар коваги, тошлар ёриғи, ғорлар ва иморатлардаги пана жойларни ўзига макон қилиб олади. Минглаб индивидлардан иборат колония ҳосил қилади. Айрим ғорларда Кўршапалаклар колониясидаги индивидлар сони 20 млн. га етиши аниқланган. Мўътадил ва совуқ икдимда тарқалган Кўршапалаклар гетеротерм бўлиб, уларнинг тана ҳарорати ташқи муҳит ҳарорати таъсирида ўзгариб туради. Кўпчилик шимол К. и 7—8 ойлик қишқи уйқуга кетади. Одатда, ғорлар, ташландиқ шахталар ва чуқур ёриқдарда қишлайди. Бир қанча турлари қишлаш учун жан. га учиб кетади. Йидда бир марта 1—2 тадан кўзи юмуқ, юнгсиз бола туғади. 20 йилгача яшайди. Кўршапалаклар тунги ҳашаротларни, жумладан, қ. х. зараркунандалари, қонхўр икки қанотлиларни кириб жуда катта фойда келтиради. Ўсимликхўр турлари гулларни чанглантиради ва уруғларни тарқатади. Америкадаги айрим Кўршапалаклар одамлар орасида қутириш касаллиги вируси ва айрим инфекцияли касалликларни тарқатиши аниқланган. Бир қанча турлари муҳофаза қилинади.

Prev Article

КЎРСОДИҚ

Next Article

КЎРЎҒЛИ