КЎСАК, кўсакча (capsyla) — ёпиқ уруғли ўсимликларнинг кўп уруғли меваси. Кўсак бир ва кўп чаноқли бўлади. Кўсак етилганда тешикчасидан (кўкнорда), қопқоқчасидан (мингдевона, зубтурум ва б.) ва паллаларидан (ғўза, бангидевона, бинафша, пиёзгул ва б. да) очилади. Ғўзада Кўсак 3—5 чаноқли тугунчадан ривожланади. Мева қати (К. деворлари) марказий уруғчи ва уруғдан тузилган. Уруғланишдан кейин тугунча ривожланиб, Кўсакка айланади. Уруғланишдан то Кўсак етилиб очилгунча 50—60 кун ўтади. Унинг мураккаб ривожланиши ва етилиш жараёнини 4 даврга бўлиш мумкин: тугунчанинг Кўсакка айланиши (10 кун); К. нинг тез ўсиши (15 кун) қуруқ модда тўпланиши (15 кун); К. нинг тўлиқ етилиб қуриши (15 кун). Ташқи ва ички омиллар таъсирида даврлар муддати ўзгаради. Эртапишар ғўза навларида бу даврлар қисқа, кечпишар навларда узун.
Ғўзанинг нави, тури ва б. белгиларига қараб битта Кўсакда ўрта толали гўзаларда 4,2—7 г, ингичка толали гўзаларда 2,5—4 г гача пахта, 20 тадан 40 — 50 та гача чигит бўлади. Меваси (пахта) етилиши даврида Кўсаклар аста-секин қуриб, учидан сохта чоклари бўйлаб чаноқлари очилади.