КОСИБЧИЛИК

КОСИБЧИЛИК (араб. – касбкорлик) — 1)тор маънода — чармдан ковуш, махси, шиппак, этик ва б. оёқ кийимларини қўлда тикиш билан шуғулланиш. Асосан, чорвачилик пайдо бўлганидан сўнг (мил. ав. 4—3 минг йиллик) хом теридан оёқ кийимлари «тикила» бошлагач, Косибчилик шакллана борган, лекин ҳали жуда ибтидоий кўринишда бўлган. Аста-секин одамлар ҳайвон терисини ошлашни, ундан кўн тайёрлашни, кўндан чарм олишни, чармдан эса кийим-бош, пойабзал тикишни ўрганишган. Косибчилик 19-а. охирлари, 20-а. бошларида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва айниқса, Фарғона водийси шаҳарларида анча ривожланган. Бу шаҳарларда юзларча Косибчилик дўконлари бўлган. Саноат аста-секин ривожланиб, артель ва ф-калар пайдо бўла бошлагач, Косибчилик билан шуғулланувчилар ҳам артель ва ф-каларга уюша бошлади. Лекин Косибчилик билан шуғулланувчи якка шахслар ҳам сақланиб қолди. Косибчилик бутун дунёда, айниқса, Шаркда, шу жумладан, Ўрта Осиёда кенг тараққий этган. Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқларида, айниқса, Фарғона водийсида ҳозир Косибчилик халқ ҳунармандчилигининг узвий тури сифатида яна ривожлана бошлади. Косибчиликда фақат пойабзал тикиш билан чекланиб қолинмайди, балки телпак, от-улов абзаллари, қайиш, пичоқ қини каби буюмлар тайёрлаш билан ҳам шуғулланилади; 2) кенг маънода — қўлда бажариладиган ишлар билан шуғулланиладиган касбларнинг умумий номи (дегрезлик, дурадгорлик, заргарлик, каштадўзлик, кулоллик, кўнчилик, мискарлик, рихтагарлик, темирчилик, тикувчилик, тунукасозлик, тўқувчилик, ўймакорлик ва б.). К. б-н, асосан, оддий меҳнат қуроллари ёрдамида якка тартибда шуғулланилади. Косибчилик инсоннинг и. ч. фаолияти билан боғлиқравишда аста-секин ривожланган (яна қ. Ҳунармандчилик).