КОСМИК ҲУҚУҚ

КОСМИК ҲУҚУҚ — космик фазони ўрганиш ва фойдаланиш бўйича космик фаолиятни амалга ошириш муносабати билан халқаро ҳуқуқ субъектлари (энг аввало, давлатлар) ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи ва космик фазонинг халқаро-ҳуқуқий режимини белгиловчи меъёрлар йиғиндиси. Космик ҳуқуқ соҳасидаги асосий ҳужжат — Космик фазони, жумладан, Ой ва б. осмон жисмларини тадқиқ қилиш ҳамда улардан фойдаланиш юзасидан давлатларнинг фаолият принциплари тўғрисидаги шартномадир (1967). Космик фазо ва осмон жисмларини эркин тадқиқ этишни, Ой ва б. осмон жисмларидан тинч мақсадларда фойдаланишни, ядро қуроли ва оммавий қирғин қуролларининг бошқа турлари бўлган ҳар қандай объектлар космосда жойлаштирилишини ман қилишни назарда тутади.