КОСМИК ТИББИЁТ

КОСМИК ТИББИЁТ — тиббиётнит бир соҳаси; космик парвознинг одам саломатлиги ва иш қобилиятига бўлган таъсирини ўрганади; космик аппаратларни бошқариш ва уларда нормал ҳаёт фаолиятини таъмин этиш системасига бўлган тиббий талабларни, космонавтларни касбга танлаш ва уларни тайёрлаш усулларини, космик парвоз билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш ва даволаш чораларини ишлаб чиқади. 20-а. нинг 50-й. ларига келиб шаклланди. Биологик ракета ва сунъий йўлдошларда одамнинг космик фазони ўрганишига имкон берадиган физиологик тадқиқотлар (қ. Космик биология) ўтка-зилиши Космик тиббиётнинг пайдо бўлиши ва ривожланишига замин бўлди. Космик тиббиёт комплекс фан бўлиб, космик фазода одамнинг ҳаёт фаолияти учун зарур шароит яратишга қаратилган ва бир-бири билан чамбарчас боғланган тиббий-биологик, биофизик, физик-кимёвий, телеметрик, математик, биологиктехник, муҳандислик-конструкторлик ва б. кўпгина илмий йўналишлар мажмуини ўз ичига олади. Космик тиббиёт авиацион тиббиёт тўплаган материаллардан фойдаланиш б-н бирга одам космосга учганда унинг организми авиация амалиётида учрамайдиган таъсирларга дуч келишини ҳисобга олиб ўзига хос усулларни ишлаб чиқади. Космосга учиш учун динамик вазнсизлик ва гиподинамия, яъни мускул системасига юк (нагрузка)нинг кам тушиши хосдир. Учиш вақтида вазнсизлик ҳолатига мослашиш ва гиподинамик омил таъсирини камайтириш мақсадида космик кемалар бортида тегишли мосламалар қурилади. Космик кема бортида ер атмосфераси шароитларига яқин сунъий атмосфера вужудга келтириш, очиқ космосга чиқиш учун махсус скафандрлар яратиш ҳам Космик тиббиёт вазифаларидан ҳисобланади.