КОСМОДРОМ

КОСМОДРОМ (космос ва юн. dromos — югуриш, югуриш жойи) — ракета-космик тизим (РКТ) ларни экспериментал ўрганиш, шунингдек, космик учиш аппаратларини тадқиқот дастурига мувофиқучириш учун мўлжалланган иншоотлар, жиҳозлар ва ажратилган жойлар мажмуи. Одатда, Космодромлар жуда катта ҳудудни эгаллайди. Космодром қуриладиган жойни танлашда, кўпинча кўпгина қалтис шароитлар ҳисобга олинади. Космодром аҳоли яшайдиган жойлардан узоқда бўлиши, космик объектларнинг учиш трассалари ҳаводаги учиш аппаратлари (самолёт, вертолёт ва б.) нинг ҳаракатларига халақит бермаслиги лозим. Космодром ҳудуди асосий қисм, элтувчи ракета (ЭР) босқичларининг тушиш жойлари, туширувчи аппаратларнинг қўниш жойлари, космик объектни учиш трассаси бўйича кўзатиб турувчи ердаги ст-яларга бўлинади. Космодром таркибига техник жиҳозлар ўрнатиш ва старт олиш жойлари, команда (буйруқ) бериш ва ўлчаш мажмуи, қидирув ва қутқарув воситалари мажмуи, турар жой мажмуи ҳамда ёрдамчи хизмат кўрсатиш тармоқлари ва б. киради. Ҳозирда ишлаб турган Космодром: Капўстин Яр, Плесецк (Россия), Бойқўнғир (Қозоғистон), Шарқий синов полигони, Ғарбий синов полигони, Уоллопс (АҚШ), Куру (Франция), Утиноура, Танегасима (Япония), Чанчэнцзе (Хитой), Сан-Марко (Италия), Шрихарикота (Ҳиндистон) ва б. Дунёда биринчи Ер сунъий йўлдоши (1957) ва космонавт (Ю. А. Гагарин, 1961) Бойқўнғир Космодромдан учирилган.

Ад.: Твердовский В. Н., Космодром, М., 1977.

Loading...