КОСМОНАВТ

КОСМОНАВТ (космос ва юн. nautes — денгизда сузувчи) , астронавткосмик кема (КК) да космосга парвоз қилиб, космик техникани синовчи ва ишлатувчи, махсус тайёргарликдан ўтган киши; космосга инсон парвоз қилганидан (1961) сўнг пайдо бўлган касб. АҚШ да астронавт деб аталади. Космонавтда муайян хусусиятлар (учувчилик қобилиятининг юқорилиги, ҳар хил шошилинч вазиятларда тез қарор қабул қила олишлик, шовқинлар, титрашлар, тезлик ва тезланишларнинг уйғунлашган таъсирига, вазнсизликка чидамлилик, амалий ва илмий кузатувларни ўтказиш ҳамда натижаларни қайд қилиб бора олишлик, жисмоний ва руҳий жиҳатдан баркамол бўлиш, фалоқат ва ҳалоқатли вазиятларда шошиб қолмай, ёнидагиларга ёрдам қўлини чўзиш ва б.) мужассам бўлиши лозим. Шунинг учун Космонавт ликка номзодлар дастлаб, асосан, ҳарбий учувчилар, синовчи-учувчилар орасидан танлаб олинган. Кейинчалик космик кемалар экипажлари таркибига махсус тайёргарлик ва билимга эга бўлган олимлар ва муҳандислар ҳам киритила бошлади. Ҳозир (2003) уларнинг каторига махсус тайёргарликдан ўтган сайёҳлар ҳам қўшилмокда.

Дастлабки Космонавтларни тайёрлаш ишлари АҚШ да 1959 й. да, СССРда 1960 й. да бошланган. Биринчи Космонавт (Ю. А. Гагарин) 1961 й. 12 апр. да космосга парвоз қилди. Кейинчалик (1969 й. 16—24 июлда) АКШ астронавтлари Н. Армстронг, Э. Олдрин ва М. Коллинз Ойга парвоз қилдилар. Биринчи аёл — К. Валентина Терешкова 1963 й. 16 июнда космосга парвоз қилди. К.-учувчи А. Л. Леонов 1965 й. 18 мартда «Восход-2» КК да космосга парвоз қилди (П. П. Беляев билан бирга) ва жаҳонда биринчи бўлиб очиқ космосга чикди. Ўзбекистонлик Космонавт — учувчи В. А. Жонибеков ўзининг космосга қилган 5 парвози мобайнида 145 кун 15 соат 58 мин. 29 сек. космосда бўлган, 2 марта очиқ космосга чиқиб, муҳим и. т. ва амалий ишларни бажарган. Ўзбек учувчи-астронавти С. Шарипов 1998 й. авг. да америкалик ва россиялик 7 кишилик экипаж таркибида «Эндевер» КК да космосга парвоз қилди. 1961—2003 й. лар мобайнида кема командири ва экипаж аъзоси сифатида 430 тадан ортиқ киши космосга парвоз қилган.

Loading...