КОСМОНАВТИКА

КОСМОНАВТИКА (космос ва юн. nautike — кемани бошқариш санъати) — космик фазога парвоз қилиш; турли хилдаги космик аппаратлардан фойдаланган ҳолда космосни ва Ердан ташқаридаги космик объектларни ўрганишни таъминлайдиган фан ва техника сохалари мажмуи. Қуйидаги муаммолар билан шуғулланади: космик учишлар назарияси — траекторияларни ҳисоблаш; илмийтехникавий космик ракеталар, бошқариш борт тизими, учириш жойи қурилмалари, бошқарилувчи кемалар ва ст-ялар, илмий лаб. жиҳозлари ҳамда ердаги учиришни бошқариш тизимини яратиш, траекторияни ўлчаш хизмати, телеметрия, орбитал ст-яларни жиҳозлаш ва бош-қариш; тиббий-биологик ҳаётни таъминлаш борт тизимини яратиш; ортиқча зўриқиш, вазнсизлик, радиация ва ш. к. масалалар б-н боғлиқ равишда инсон организмида кечадиган нохуш ҳодисаларни бартараф қилиш; космик фазо ва сайёралардан фойдаланишнинг ҳуқуқий, халқаро ҳуқуқ меъёрлари бўйича бошқариш масалалари ва б.

Космик фазога учиш мумкинлигининг назарий асосларини биринчи бўлиб, 19а. охирида Космонавтика Циолковский яратди. У ўзининг «Реактив қурилмалар ёрдамида Олам фазосини тадқиқ этиш» (1903) ва б. асарларида космик парвозларни техник жиҳатдан амалга ошириш мумкинлигини кўрсатиб, Космонавтиканинг асосий муаммоларини ҳал қилиш ечимларини берди. Космонавтика масалаларини ечищда И. В. Мешчерский, Ю. В. Кондратюк (1897—1942), Ф. А. Цандер (1887—1933) каби рус олимлари, Р. ЭноПельтри (Франция) ва б. олимлар ўз ишлари билан қатнашдилар. 20-а. 20-й. ларида Космонавтика асосий ғояларини тарғиб қилиш ва бу соҳанинг амалий муаммоларини биргаликда ҳал этиш мақсадида бир неча мамлакатларда, жум-ладан, Россия (1924), Австрия (1926), Германия (1927), Буюк Британия ва АҚШда (1930) Космонавтика жамиятлари тузилди. 1921 й. да Россияда ракета техникасига доир ишлар бошланиб, Газодинамик лаборатория ташқил этилди.

1933 й. да С. П. Королёв бошчилигида биринчи марта суюқ ёнилғили ракеталар учирилди. 1933 й. охирида Москвада Реактив и. т. института ишга тушди.

АҚШда суюқ ёқилғили реактив двигателлар бўйича ишлар Р. Годдард томонидан 1921 й. да бошланди, суюқ ёнилғили ракеталарни учириш эса 1926 й. да амалга оширилди. Германияда бу турдаги двигателларнинг лаб. синови Г. Оберт томонидан 1929 й. да, суюқ ёнилғили двигателларни учириш бўйича синовлар эса И. Венклер томонидан 1931 й. да бошланди.

Космик эранинг боши — биринчи Ернинг сунъий йўлдоши (ЕСЙ) учирилган кун (1957 й. 4 окт.)дан ҳисобланади (қ. Ер сунъий йўлдошлари). 1959 й. да сайёралараро автоматик ст-я «Луна-2» Ой сиртига қўндирилди. Космик эранинг бошқа муҳим воқеалари космик фазога Ю. А. Гагарин (1961 й. 12 апр.) ва биринчи аёл-космонавт В. Терешкова (1963 й. 16 июнь)нинг учиши бўлди. Космонавтика тарихида навбатдаги муҳим воқеа 1969 й. 16—24 июлда Н. Армстронг, Э. Олдрин ва М. Коллинзлар (АҚШ) томонидан Ойга уюштирилган биринчи экспедиция ҳисобланади.

Қуйидаги мамлакатларда космик аппаратлар яратилган: Россияда (1957 й. дан), АҚШда (1958 й. дан), Францияда (1965 й. дан), Япония ва Хитойда (1970 й. дан), Буюк Британияда (1971 й. дан), Ҳиндистонда (1980 й. дан).

Замонавий космик учишлар назарияси осмон механиқаси ва учиш аппаратларини бошқариш назариясига таянган. Классик осмон механиқасидан фарқ қилиб, бу йўналиш астродинамика деб юритилади. Астродинамиканинг энг муҳим бўлимларидан бири — учиш траекторияларини тузатиш (коррекциялаш) назарияси деб аталади. ЕСЙ ҳисобланган траекториядан четга чиқиши (оғиши) ҳам мумкин; у ушбу омилларга боғлиқ бўлади: олдиндан ҳисоблаш қийин бўлган оғдирувчи кучлар (зичлиги ўзгариб турувчи атмосфера қаршилиги, Ернинг носфериклиги, бир жинсли эмаслиги ва б.) мавжудлиги ва б.

Космик мажмуаларни яратиш мураккаб илмий-техник муаммо ҳисобланади. Йирик элтувчи ракета (ЭР)ларнинг стартолди массаси 3000 т, узунлиги эса 100 м дан ортиқ бўлади. Уларда зарур ёнилғи заҳираларини (умумий массасининг 90%) рационал жойлаштириш, ракета тузилишини иложи борича енгил қилиш, ёнилғи ишлатилгандан сўнг шу босқични қайтариб тушириш ва б. ракета тузилишига хос муаммодир.

ЭР двигатели қурилмасининг қуввати бир неча ГВт гача боради. Одатда ЭР бир неча двигателдан ташқил топиб, уларнинг синхрон (уйғунлашиб) ишлаши бошқариш тизими орқали амалга оширилади. ЭР двигателлари учун, одатда, қаттиқ кимёвий ёнилғи, суюқ ёнилғи ишлатилади (қ. Ракета двигатели). Ядро энергиясида ишлайдиган РД двигателлари синов босқичида (2003).

Космик аппарат (КА)ларни орбитага чиқариш учун ЕСЙларга биринчи космик тезлик (7,91 км/с) дан ортиқ, КК ни бошқа сайёралар (Марс, Венера)га чиқариш учун, иккинчи космик тезлик (11,19 км/с) дан ортиқ, Қуёш системасидан чиқиб кетиш учун эса, учинчи космик тезлик (16,6 км/с) дан ортиқ тезлик бериш керак. Орбитага чиқариладиган КАларни 2 гуруҳга ажратиш мумкин: Ер атрофида учувчи (ЕСЙ) ва узоқ, космосга, мас, Ой ёки бошка сайёраларга учувчи аппаратлар. Кейинги гуруҳга кирувчи КАларнинг ЭРлари (бошлангич тезлигининг катталиги сайёрага яқинлашгач тормозловчи импульс ва Ерга қайтиши учун тезликни орттириш зарурлигини эътиборга олсак) етарли даражада катта қувватли бўлиши керак. Космик аппарат космик фазонинг мураккаб шароитида узоқ, вақт мустақил ишлаши учун унда бир қанча тизимлар — т-рани сақлаш тизими, электр манбаи (мас, Қуёш батареялари) ва ёнилғи б-н таъминлаш тизими, Ер ва б. космик жисмлар билан алоқа қилиш тизимлари, учишни бошқариш тизими ва б. бўлиши керак. Кема бортига турли-туман и. т. асбоблари ўрнатилади. Уларнинг ишини кема бортидаги бошқариш комплекси тартибга солиб туради. Тушириладиган аппарат атмосферада қизиб кетмаслиги учун иссиққа чидамли махсус контейнерга жойлаштирилади. Экипажли космик кемаларда қўшимча тиббий-экологик муаммоларни ҳал қилишга тўғри келади. Уларда экипажни зарарли нурлар, вакуум ва космик муҳитнинг бошка омилларидан сақлаш тизими, ҳаётни таъминлаш тизими бўлиши зарур. Космосга учиш инсон организмида вазнсизликка, ўта нагрузкага чидамлиликни талаб қилади. «Восход» кемасида бажарилган эксперимент ва тадқиқотлар, инсоннинг очиқ космосга чиқиши, «Союз» космик кемаларида учишлар орбитал ст-яларнинг яратилишига олиб келди ва «Салют», «Мир», «Скайлэб» орбитал ст-ялари учирилди.

ЭР ва КАларнинг учиши Ердан бошқариш хизматининг кенг тармоғи мавжуд бўлишини талаб қилади. Шу мақсадда Ер сиртида космик алоқа пунктлари, океанда эса махсус жиҳозланган алоқа кемалари жойлашади. КАларни Ерга қўндиришда қутқариш ва эвакуация хизмати ёрдамга келади. КА бортидаги бошқариш тизими ва Ердаги кўплаб хизмат тизимлари орасидаги боғланишларни ташқил этиш, учишни техник бошқариш орқали амалга оширилади.

Космонавтиканинг автоматик воситалари Ерни илмий тадқиқ қилишга, атмосферанинг юқори қатламларини, ионосфера ва радиацион минтақаларини бевосита ўлчашга, Ернинг ҳақиқий шаклини ва гравитацион майдони аномалиясини аниқлашта имкон беради.

Ой ва сайёраларни илмий тадқиқ қилишда Ой атрофи ва сайёралар атрофи фазосида, Ой сиртида, сайёралар атмосферасида ва сиртида бевосита ўлчашлар олиб борилади. Сайёралараро КА Ой, Меркурий, Венера, Марс, Юпитер, Сатурн, Уран, Нептун ва уларнинг йўлдошларини айрим комета (мас, Галлей) ва астероидларни текширди. Ой тупроғидан намуналар келтирилди, Марс тупроғида микроорганизмларнинг бор ёки йўқлиги текширилди (қ. «Викинг»).

Қуёшнинг ультрабинафша диапазондаги нурланишни КА ёрдамида тадқиқ қилиб, унинг тузилиши, фаоллиги ва инсоннинг амалий фаолиятига таъсири масалаларида фанни талай янгиликлар б-н бойитди; Коинотнинг юзлаб рентген ва гамма диапазонларда нурланувчи манбаларини очди; юқори энергияли объектларда кечаётган физик жараёнларнинг моҳиятини англашга имкон берди. Космонавтика воситалари, нисбийлик назарияси томонидан таъкидланган самараларни аниқлашга ва шу асосда борлиқнинг фундаментал асосларини тадқиқ қилишга имкон яратди; алоқа йўлдошлари, Ер шарининг катта қисми учун телевизион дастурларни ретрансляция қилиб, телефон ва телеграф алоқаларини ҳам амалга оширмоқца («Молния», «Радуга», «Экран» ва б.).

Ерга яқин космик фазони, сайёралар ва уларнинг табиий йўлдошларини, Қуёшни, Қуёш — Ер ва б. сайёралараро боғланишларни ўрганиш бўйича илмий экспериментлар ўтказиш, юлдузлар эволюцияларини тадқиқ қилиш, узоқ космосда мураккаб органик бирикмаларнинг ҳосил бўлиш масалаларини тадқиқ қилиш ва б. тадбирлар Космонавтиканинг амалда бажариладиган ишларига киради. Бу эса Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши ҳақидаги маълумотларни аниқлаш учун катта аҳамият касб этади. Фундаментал ва амалий билимларни ўрганиш мақсадида тиббий-биологик экспериментлар ўтказилади, шунингдек, юқори энергияга эга бўлган космик нурларнииг юзага келиш жараёнлари, модда ва антимоддаларнинг аннигиляция ҳодисалари тадқиқ қилинади. Табиий бойликларни, балиқ заҳираларини излашда, ўрмон ва қ. х. ердарига баҳр беришда, харита тузишда космик суратга олиш усули кенг қўлланилади. Технологик жараёнлар: космик пайвандлаш, вазнсизлик ҳолатда кристалларни ўстириш ва б. космик тадқиқотларнинг муҳим босқичи ҳисобланади. Mac, материаллардаги баъзи металлургия ва кристаллокимё жараёнларга вазнсизликнинг таъсири ЭПАС дастури бўйича «Салют» орбитал ст-ясида Россия — АҚШ космонавтларининг биргаликда учиши вақтида ўрганилди. В. А. Ляхов ва В. В. Рюминлар орбитада биринчи марта радиотелескопни ўрнатдилар ва унинг ёрдамида астрофизик ва геофизик тадқиқотлар ўтказдилар. Бунда биринчи марта икки томонлама телевизион алоқа тизими ишга туширилди (қ. Космик телевидение). Л. И. Попов ва В. В. Рюминлар (185 кун), О. Ю. Атьков (265 кун), Л. Д. Кизимов 265 кун, В. А. Соловьёв (237 кун) космосда энг узоқ вақт бўлдилар. Космосда узоқ вақт учишнинг инсон организмига биологик таъсири ҳақида янги муҳим маълумотлар олинди. «Интеркосмос» дастури бўйича ўтказилган ўнлаб тадқиқотлар Ернинг табиий ресурслари, метеорологик ва б. маълумотлар ҳақида қимматли ахборотлар олишни таъминлади.

Космик навигация воситалари кема ва самолётларнинг турган ўрнини юқори аниқликда аниқлашга имкон беради; космик метеорология воситалари об-ҳаво маълумотлари аниқлигини оширади. Космонавтика амалиётидан келган фойда унинг ривожланиши учун қилинган барча сарфлардан юқори. Космонавтика инсониятнинг ривожланиши учун атроф муҳитни сақлашдаги бир қанча масалаларни ечишга, зарарли саноат ва радиоактив чиқиндиларнинг тўпланиш хавфини бартараф қилишга ёрдам беради (яна қ. Космик кема, Космик навигация, Космик тиббиёт). Метеорологик ЕСЙ эса Ер шари бўйлаб булутларнинг тақсимланиши ҳодисасини, Ернинг иссиқлик нурланиши хариталарини олишда фойдаланилади, циклонларнинг ҳаракат йўналишларини қўллаб, бу маълумотлар дунё метеорологик марказларига ўзатилади ва улар асосида аҳоли учун келгуси бир неча кунлик об-ҳаво маълумоти эълон қилинади.

Ернинг табиий ресурсларини аниқлаш ва экологик ҳолатини назорат қилиш борасида ЕСЙнинг аҳамияти борган сари ортиб бормокда. Турли ёруғлик фильтрлари ёрдамида ЕСИдан олинган Ер сиртининг фотосуратлари унинг яшил бойлиги ҳолати, юқрри юзаларининг ўзгариши, экин зоналари ва ўрмонларнинг ҳолати, деҳқончилик ишларининг бориши, кутилаётган ҳосил, ўрмон ёнғинлари динамикасига доир бир талай маълумотларни беради. Бу маълумотлар деҳқончилик, чорвачиликни йўлга қўйишда, табиий офатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳонда 1957 — 2003 йиллар мобайнида космосга учирилган Ер сунъий йўлдошлари, космик кемалар, автоматик ст-ялар: «Азура-1» (Германия), «Аполлон» (АКШ), «Астерикс-1» (Франция), «Венера» (Россия), «Викинг» (АҚШ), «Восток» ва «Восход» (Россия), «Вояжер» (АҚШ) ва «Жемини» (АҚШ), «Зонд», «Интеркосмос», «Космос» «Луна» «Марс» (Россия), «Меркурий» (АҚШ), «Мир», «Молния» (Россия), «Осуми» (Япония), «Пионер» ва «Полёт» (Россия), «Просперо» (Англия), «Протон», «Салют» (Россия), «Скайлэб» (АҚШ), «Союз», «Спутник» (Россия), «Эндевер» (АКШ) ва ҳ. к. Космосга жами 432 космонавт (шу жумладан, 232 астронавт) парвоз қилган (2003).

Космонавтика ривожланишида ўзбекистонлик олимларнинг ҳам ҳиссаси бор. Ўзбекистонда «Коинот» илмий и. ч. бошқармаси фаолият кўрсатмоқда (1980 й. дан), Ўзбекистон Республикаси Космонавтика федерацияси тузилган (1977 й. дан), иқтидорли мактаб ўқувчиларининг Халқаро аэрокосмик мактаби ишлаб турибди (1990 й. дан, унинг ташкилотчиси ва раҳбари акад. Ш. Воҳидов). Учувчи-космонавт В. А. Жонибеков, Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилиб ўсган ўзбек учувчи-астронавти Солижон Шарипов космосга парвоз қилишган.

Космонавтика фан ва техниканинг истиқболли йўналишларидан бўлиб, инсониятнинг бугунги глобал (демографик, энергетик, экологик ва б.) муаммоларини ҳал қилишда Космонавтикага доир махсус режалар мавжуд. 21-а. да Марсни экипажли сайёралараро космик кема ёрдамида ўрганиш, Ойда кўп мақсадли ст-яни, Ер атрофи орбитасида йирик Куёш фабрикасини ва бир неча ўн минг кишига мўлжалланган «космик мустамлакалар»ни қуриш лойиҳалари шулар жумласидан. Экипажли сайёралараро космик кемани Марсга учириш лойиҳасини Россия ва АҚШ олимлари ҳамкорликда амалга оширишмокда. Олти кишидан иборат экипажни Марсга учириш мўлжалланган. Айни пайтда Европа агентлиги мамлакатлари, АҚШ, Россия космик агентликлари билан биргаликда қураётган Халқаро космик ст-яси (ХКС) йирик космик индустриянинг дебочаси ҳиобланади. Мазкур стяда ўнлаб лаб. лар ишлайди.

Ад.: Левантовский В. И., Механиқа космического полёта, М., 1980; Келдыш М. В., Маров М. Я., Космическое телевидение, М, 1981., Уманский С. П., Космонавтика: сегодня и завтра, М., 1986., Космическая одиссея, М., 1988.

Мамадмусо Мамадазимов, Абдумажид Раҳимов.

Loading...