КОСОН ТУМАНИ

КОСОН ТУМАНИҚашқадарё вилоятида жойлашган туман. 1926 й. 29 сент. да ташқил этилган. Самарқанд вилояти, Муборак, Қарши, Касби туманлари билан чегарадош. Майд. 1,88 минг км2. Аҳолиси 197,1 минг киши (2003). Косон туманида 1 шахар (Косон) ва 9 қишлоқ фуқаролари йиғини (Бўлмас, Гувалак, Гулбоғ, Дўстлик, Косон, Обидида, Олачабоб, Пўлоти, Тинчлик) бор (2003). Маркази — Косон ш.

Табиати. Косон тумани ҳудуди асосан, пасттекислик, адир ва қир-чўллардан иборат бўлиб, Қашқадарёнинг қуйи қисмида, Қарши чўли зонасида, 450—500 м баландликда жойлашган. Иқлими континентал иқлим. Июлнинг ўртача т-раси 27—30°, янв. ники 0 дан 1° гача. Вегетация даври 210—240 кун. Ўртача йиллик ёғин 190—200 мм, асосан, баҳор ва қиш ойларида тўшади. Орографик тўсиклар йўклиги сабабли совуқ ҳаво оқимлари, асосан, қиш ойларида шим.-шарқ томондан кириб келади. Қашқадарё Косон тумани б-н Касби тумани чегарасидан, Қарши магистрал канали туман ҳудудидан оқиб ўтади. Тупроғи оч тусли бўз ва бўз тупроқ, шунингдек, тақир, шўрхок, қумоқ тупроқлар ҳам мавжуд. Бу тупроклар аралаш учрайди. Ўсимликлардан шўра, шувоқ, қора шўра, юлғун, саксовул, исириқ, оқ читир, қизилмия, оқбош ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан тулки, қуён, типратикан, тошбақа, калтакесак, эчкемар, қум бўғма илони, чипор илон бор. Қушлардан бургут, чумчуқ, мусича, сўфитўрғай, каптар, майна учрайди. Ҳашаротлардан чаён, бий, қорақурт бор.

Аҳолисининг аксари қисми ўзбеклар, шунингдек, тожик, рус, татар ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. 1 км2 га ўртача 105 киши тўғри келади. Шаҳарликлар 58,5 минг киши (2003).

Хўжалиги нинг асосий тармоқлари: қ. х., енгил саноат, чорвачилик. Туманда пахта тозалаш з-ди, автокорхоналар, нон к-ти, ёг-экстракция з-ди, ғўзапоядан картон қоғози ишлаб чиқариладиган ўзбекхитой қўшма корхонаси, «Истиқлол» савдо-саноат корхонаси, ғишт з-ди, қандолатпазлик ва кулолчилик цехлари, босмахона, Косон, Пўлоти, Алатун деҳқон бозорлари бор. 2 қўшма корхона, 67 кичик корхона, 2 кооператив корхона, 9 қ. х. кооперативи, 14 фермер хўжалик уюшмаси, Ерқўрғон паррандачилик ф-каси мавжуд. Қ. х. га яроқли ердар 144,9 минг га, пахта 24,8 минг га, ғалла 26,7 минг га ерга экилади. Туман жамоа ва шахсий хўжаликларида 45,7 минг қорамол, 196,3 минг қўй ва эчки, 10,9 минг парранда, 1000 га яқин от боқилади (2003). Туманда 93 умумий таълим мактаби бўлиб, 45,5 минг ўқувчи таълим олади. 5 касб-ҳунар мактаби, 36 кутубхона, 12 та маданий муассаса мавжуд. 865 ўринга мўлжалланган 8 касалхонада 274 врач ишлайди. Туғруқхона, поликлиника, дорихона бор. «Умид юлдузи» туман газ. 1998 й. дан чиқади (адади 8200 дан зиёд).