КОСОН — Қашқадарё вилоятидаги шаҳар (1972 й. дан). Косон туманинпнг маъмурий маркази, вилоятнинг ғарбий қисмида. Қарши ш. дан 30 км, яқин т. й. станцияси — Косон (4 км). Тошкент — Дўшанба т. й. ва Қарши — Бухоро автомобиль йўли ёқасида. Қашқадарёнинг ўнг соҳилида, 350 м баландликда жойлашган. Янв. нинг ўртача т-раси 0°, июлники 28°. Аҳолиси 58,5 минг киши (2003). Косонга Яккабоғ — Муборак сув қувуридан тармоқ ўтказилган.
Косон ўрнидаги дастлабки қишлоқ милоднинг бошларида вужудга келган, Ерқўрғонда ҳаёт таназзулга учрагач, аҳоли бу ерга кўчган. 4—5-а. ларда қалъа бунёд этилиб, атрофи мудофаа девори б-н ўраб олинган; у мўғуллар истилоси давригача (13-а. боши) мавжуд бўлган. Мўғуллар истилосидан аввал Косоннинг мудофаа девори 3 марта таъмирланган бўлиб, кенглиги 10 м га етган. Археологик маълумотларга кўра, Косонда анча вақтгача ҳаёт сунган ва фақат 15—16-а. дангина қайта жонланган. Карвон йўлида бўлгани учун савдо ва ҳунармандчилик ривожланган. 4—6-а. ларга оид мис тангаларда «Косоннинг улуғ шоҳи» деб ёзилган суғдийча битик аниқланган (Э. Ртвеладзе). Демак, у шоҳ қароргоҳи бўлган. 16-а. 40-й. ларида шайбонийларга қарши Косонда Бобо Мирак қўзғолони содир бўлган. 17-а. дан Аштархонийлар, 18-а. ўрталаридан Бухоро амирлиги таркибида. 1685 й. Самарқанд ҳокими Хўжамқулибий ўтарчи хитой-қипчоқлар қабиласига таяниб, Косонни эгаллаб, Насаф вилоятини талон-торож қилган ва бу билан Анушахонни Бухоро хонлигига бостириб киришига имкон яратиб берган. Антик манбаларда учрайдиган Ксениппа вилоятининг номи Косон атамасининг ўзгарган шакли бўлиши мумкин. Ундаги «па» қўшимчасини суғдийча «об», яъни сув деб ҳисобланса, қадимда Қашқадарёдан чиқарилган канал Косоноб яъни Косон дарёси деб аталган бўлади.
Шаҳарда пахта тозалаш, ғишт з-длари, ғўзапоядан картон қоғози ишлаб чиқариладиган ўзбек-хитой қўшма корхонаси, ёғ экстракция з-ди, автокорхона бор. Маҳаллий саноатга қарашли қандолатпазлик ва кулолчилик цехлари фаолият кўрсатади. 10 га яқин умумий таълим мактаби, кутубхона, маданият уйлари, клублар, дорихона, поликлиника, 2 касалхона, туғруқхона мавжуд. Косон билан Бухоро, Қарши, Муғлон ва туман хўжаликлари орасида автобуслар қатнайди. Шаҳарда 2-жаҳон урушида ҳалок бўлган жангчилар хотирасига ёдгорлик ўрнатилган.
Ли.: Ахмедов Б. А., Историко-географическая литература Средней Азии XVI — XVIII вв. Письменные памятники, Т., 1985; Камалиддинов Ш. С, Историческая география Южного Согда и Тохаристана по арабоязычным источникам IX — начала XIII вв., Т., 1996.