КОТ-Д’ИВУАР

КОТ-Д’ИВУАР (Cote d’lvoire) , Котд’Ивуар Республикаси (Republique de Cote d’lvoire) (1986 й. гача Фил Суяги Қирғоғи) — Ғарбий Африкада, Атлантика океани соҳилида жойлашган давлат. Майд. 322,5 минг км2. Аҳолиси 16,4 млн. га яқин киши (2001). Пойтахти — Ямусукро ш. Маъмурий жиҳатдан 50 департаментга бўлинади.

Давлат тузуми. К.-д’И. — республика. Амалдаги конституцияси 2000 й. 23 июлдаги референдумда маъқулланган. Давлат бошлиғипрезидент (2000 й. дан Лоран Гбагбо). У тўғри ва яширин овоз бериш йўли билан 5 й. муддатга сайланади ва я на бир марта қайта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Миллат мажлиси (бир палатали парламент) амалга оширади. Унинг 225 депутата умумий тўғри яширин овоз бериш йўли б-н 5 й. муддатга сайланади. Ижроия ҳокимиятни президент ва ҳукумат амалга оширади.

Табиати. К.-д’И. экваториал ва субэкваториал минтақаларда жойлашган. Гвинея қўлтиғининг соҳили ғарбда тик ва қояли, шарқда асосан текис, кўрфазларида кема қатнаши мумкин. Ер юзаси жан. да пасттекислик, шим. да плато (500—800 м). Ғарбида эса мамлакатда энг юқори чўққи ҳисобланган Нима тоғи (1752 м) бор. Олтин, боксит, нефть, темир рудаси, қалай ва колумбит, олмос ва марганец руда конлари бор.

Иқлими — жан. да экваториал, доим сернам, қолган ҳудудларда субэкваториал иқлим, жан. да энг иссиқ ойлар (дек. — апр.)да ўртача т-ра 27—28°, энг салқин ойлар (июль—сент.)да 23—24°, шим. да 30° (апр.) ва 25° (авг. — сент.). Йиллик ёғин соҳилдаги пасттекисликларда 1300—2300 мм, шим. да 1100 — 1800 мм. Асосий дарёлари: Кавалли, Сасандра, Бандама, Комоэ. Ҳайвонот дунёси жуда бой ва хилма-хил (маймун, фил, бегемот, қоплон, сиртлон, бўри, чиябўри, оху ва б.) Жан. да экваториал ўрмонлар, шим. да саванналар. Миллий боғлари: Комоэ, Таи, Марахуэ ва б.

Аҳолиси асосан, ква, кру, вольта, манде тил гуруҳига мансуб бате, бауле, анви, синдфо, малинке, дан, лоби ва б. 2 млн. дан ортиқ ажнабийлар бор. Аҳолисининг ярмидан кўпроғи маҳаллий анъанавий динларга, қолганлари ислом ва христиан динларига эътикрд қилади. Расмий тил — француз тили. Мамлакатнинг марказий қисми, Абиджан ш. ва унинг атрофларида аҳоли зич жойлашган. Аҳолисининг тахм. 41% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Абиджан, Бваке, Далола, Ман, Корхого.

Тарихи. Археология топилмаларининг далолат беришича, К.-д’И. ҳудудида тош асрида одамлар яшаган. Дарё соҳилларида неолит даврига оид устахоналар, иш қуроллари ва сопол идишлар топилган. Тахм. мил. ав. 3—2-минг йилликларда саваннада, кейинроқ ўрмон зонасида ҳам деҳқончилик вужудга кела бошлаган. Шим. да деҳқончилик билан бирга чорвачилик ҳам ривожланган. Ёввойи меваларни йиғиш, овчилик, балиқ овлаш катта аҳамиятга эга бўлган. Ўрта аердарда темирчилик кенг оммалашган (темир эритиш ўчоқлари топилган), олтин қазиб олинган (аввалига бу ўлка Олтин қирғоқ деб аталган), металлсозлик, кулолчилик, тўқимачилик ва б. ривожланган. Шим. ва шарқдан ўтувчи Ғарбий Африка савдо йўлларида шаҳарлар, манзилгоҳлар пайдо бўлган. 11-а. да асос солинган Конг манзилгоҳи Ғарбий Африканинг карвон йўлларида йирик савдо марказларидан бирига айланган.

15-а. охирида К.-д’И. ҳудудида португаллар ва б. европаликлар пайдо бўдди. Улар қул олиб кетишдан ташқари, фил суяги ва б. бойликларни таладилар. 1842—43 й. ларда Франция Гран-Басам ва Асинини, кейинчалик соҳилдаги бошқа жойларни босиб олди. 19-а. нинг 80-й. ларида мамлакат ичкарисига бостириб кира бошлади. 1893 й. дан К.-д’И. Франция мустамлакаси. 1895—1958 й. ларда эса Франция Ғарбий Африкаси таркибида бўлди.

2-жаҳон урушидан сўнг мамлакатда миллий озодлик ҳаракати кучайди. 1950—51 й. ларда мустамлакачилар зулмига қарши халқ оммасининг йирик чиқишлари бўлиб ўтди. Озодлик ҳаракати натижасида Франция ҳукумати ён беришга мажбур бўлди. 1957 й. дан мамлакат ҳудудий ассамблеяси (1958 й. дан Қонун чиқарувчи ассамблея) умумий сайлов йўли билан сайланадиган ва Ҳукумат кенгашини тузадиган бўлди. 1958 й. 28 сент. да ўтказилган референдумга кўра, давлат мақомини (Франция ҳамжамияти аъзоси сифатида) олишга муваффақ бўлди.

Африка мамлакатларида миллий озодлик ҳаракатларининг янада авж олиши натижасида Франция ҳукумати 1960 й. 11 июлда маҳаллий ҳукумат б-н битим тузишга мажбур бўлди; бу битимга кўра, 1960 й. 7 авг. да К.-д’И. нинг мустақиллиги эълон қилинди. Ўша йили сент. дан у — БМТ аъзоси. Мамлакат мустақилликка эришгач, Франция ҳамжамияти аъзолигидан чикди. Лекин ҳукумат Франция билан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий алоқаларини сақлаб қолди. 1985 й. да қабул қилинган қарорга мувофиқ, К.-д’И. географик атама эмас, балки мамлакат нинг номи эканлиги ва чет тилларга таржима қилинмаслиги таъкидланди. 1983 й. да мамлакат пойтахтини Абиджандан Ямусукрога кўчиришга қарор қилинди. Миллий байрами — 7 авг. — Мустақиллик эълон қилинган кун (1960).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. К.-д’И. демократик партияси, 1946 й. да тузилган; Ивуар меҳнаткашлар партияси, 1990 й. дан ошқора ишлай бошлаган; Ивуар халқ жабҳаси, 1982 й. да тузилган, 1990 й. дан ошқора ишлай бошлаган; Республикачилар бирлашмаси, 1994 й. ташқил этилган; Социал-демократлар иттифоқи, 1990 й. дан ошқора ишлай бошлаган. К.-д’И. меҳнаткашлар умумий иттифоқи касаба уюшмаси, 1962 й. да тузилган. Африка касаба уюшма бирлиги ташкилотига ва Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерациясига киради.

Хужалиги. К.-д’И. — аграр мамлакат. Саноати нисбатан дуруст ривожланган, Ғарбий Африка мамлакатлари ўртасида айрим саноат тармоқлари (ёғоч тайёрлаш, ёғочсозлик, озиқ-овқат саноати) нинг и. ч. даражаси анча юқори.

Қишлоқ хўжалигида ердан жамоа бўлиб фойдаланиш сақланиб қолган. Қ. х. ялпи миллий маҳсулотнинг 35,7 % ни, экспорт тушумларининг 70% дан кўпроғини таъминлайди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 30% қ. х. да банд. Агротехникаси оддий. Деҳқончилик қ. х. нинг асосий тармоғи: гевея, кофе, мойли пальма, какао, ғўза, банан, ананас, цитрус мевалар ўстирилади. Кофе етиштириш ва экспорт қилиш бўйича жаҳонда 3-ўринда, какао бўйича эса 4-ўринда туради. Ички истеъмол учун ямс, маниок, шоли, маккажўхори, оқ жўхори, тариқ ва б. етиштирилади. Чорвачилиги суст ривожланган; шим. саванна ўтлоқларида қорамол, қўй, эчки, чўчқа, уй парран-даси боқилади. Балиқ овланади.

Саноати ялпи миллий маҳсулотнинг 26% ни ишлаб чиқаради. 700 дан кўпроқи. ч. корхоналари, шу жумладан, хорижий сармоя иштирокидаги бир неча қўшма корхона бор. Четга чиқариладиган хом ашё ва четдан келтириладиган ярим фабрикатларга ишлов берувчи саноат корхоналари ривожланган. Йилига ўртача 2,3 млрд. кВт-соат электр энергияси ҳосил қилинади. Озиқ-овқат ва тамаки, энергетика, ёғочсозлик, тўқимачилик, металлсозлик, кимё ва ёғ-мой, нефть қазиб олиш ва уни қайта ишлаш, тайёр қисмлардан автомобиль йиғиш, қурилиш материаллари, каучукни қайта ишловчи ва пластмасса ишлаб чикарувчи, кончилик ва б. саноат корхоналари мавжуд. Четдан кенг истеъмол моллари келтиришни камайтириш ва экспорт қилиш мақсадида йирик ёғочсозлик, тўқимачилик, озиқовқат саноати корхоналари барпо этила бошлади. Асосий саноат марказлари: Абиджан, Бваке ва б.

Транспорти нинг асосий турлари — денгиз ва автомобиль транспорти. Денгиз юклари, асосан, хорижий компанияларнинг кемаларида ташилади. Т. й. нинг ўз. — 1314 км, жумладан, Абиджан — Уагадугу т. й. нинг ўз. — 625 км. Автомобиль йўллари ўз. — 55 минг км. Денгиз портлари: Абиджан, Сан-Педро. Абиджан ва Ямусукрода халқаро аэропортлар бор.

Мамлакат четга пахта, каучук, кофе, какао ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, ёғоч, олмос, пальма ёғи, ананас, банан чиқаради. Четдан машина, асбоб-ускуна, нефть ва нефть маҳсулотлари, озиқ-овқат ва б. истеъмол маҳсулотлари, қора металлар прокати, ўғитлар келтиради. Савдосотиқдаги асосий мижозлари: Франция, Нидердандия, АКШ, Германия, Италия, Нигерия ва б. Туризм ривожланмокда. Пул бирлиги — африка франки.

Тиббий хизмат. Давлат соғлиқни сақлаш тизими мавжуд. Аҳолига тиббий хизматни касалхоналар, турли тиббиёт марказлари ва кўчма отрядлар кўрсатади. Врачлар Абиджан ун-тининг тиббиёт ф-тида ва чет элларда тайёрланади.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Мактабларнинг аксарияти давлат қарамоғида. Уларда ўқиш бепул. Католик миссиялар хусусий мактаблар очишган. Бошланғич ва ўрта мактаблар, техника лицейлари, турли коллежлар, пед. мактаблари бор. Ўқитувчилар пед. мактаблари ва олий мактабларда тайёрланади. Абиджанда ун-т (1958 й. да асос солинган), Ижтимоий фанлар маркази (1960 й. дан), Тропик ўрмончилик маркази (1962), Кофе ва какао тадқиқот ст-яси, Геофизика ст-яси, Океанография тадқиқот маркази, каучук, тропик тадқиқот, гигиена ва б. илмий тадқиқот ин-тлари, Миллий музей, Этн. музейи, Миллий кутубхона, ун-т кутубхонаси, Муниципал кутубхона ва б. мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Мамлакатда бир қанча газ. ва жур. лар нашр этилади. Асосийлари: «Алиф» (ислом муаммоларини акс эттирувчи ойлик газ.). «Вуа» («Йўл», француз тилидаги кундалик газ.), «Демократ» (француз тилидаги ҳафталик газ.), «Континан» («Қитъа», француз тилидаги кундалик умумафрика газ., 1980 й. дан), «Нотр тан» («Бизнинг вақт», француз тилидаги ҳафталик газ.), «Нувель оризон» («Янги уфқ», француз тилидаги ҳафтанома), «Фратернитематэн» («Қардошлик тонги», француз тилидаги кундалик газ., 1964 й. дан), «Эритаж» («Мерос», француз тилидаги ҳафтанома, 1994 й. дан), «Реформатер» («Ислоҳотчи», француз тилидаги ойлик жур., 1993 й. дан). К.-д’И. матбуот агентлиги (АИП) 1961 й. да, Ивуар радио ва телевидениеси 1963 й. да тузилган. К.-д’И. да радиоэшиттириш 1949 й. дан (француз ва 10 маҳаллий тилда), телекўрсатувлар 1963 й. дан олиб борилади.

Адабиёти. К.-д’И. даги анья, бауле, сенуфо ва б. халқларда халқ оғзаки ижоди қадимдан ривожланган. Айниқса, бауле халқининг фольклори ало-ҳида ажралиб туради. Гриот деб аталувчи бахшилар қўшиқ ва эртақларни айтиб юришади. Фольклор анъаналари асосида француз тилида ёзма адабиёт ривожланди. Кот-д’ивуард’И. адабиётининг шаклланишида фольклорчи, романнавис Бернар Дадьенинг хизмати катта. Унинг мустамлакачиликка қарши асарлари машҳур. Ёзувчи Аке Лоба (асли исми Абобо Бауле)нинг «Кокумбо — қора талаба» ва «Дарё устидаги найзалар» романлари, Ш. Ноканинг «Шамол шиддатли эди» романи, «Қуёш, қора нуқта» поэмаси, Сидиқи Дембеленинг «Боқибеғамлар» романи 20-а. 2-ярмига хос ижтимоий муаммоларни акс эттирди. Ж. М. Боньини, Морис Коне ва б. ларнинг шеърий тўпламлари нашр қилинди.

Меъморлиги. Мамлакатнинг жан., ўрмон қисми халқлари турар жойларни ёғочдан ва икки нишабли томини пальма шохлари билан ёпиб, тўғри бурчакли қилиб қурадилар. Буале ва анья халқлари чўзиқ доирасимон уйлар атрофини бостирма билан ўрайди. Шим.-ғарбда девори шох-шабба билан тўқилиб, лой сувоқли ва конуссимон томи похол билан ёпилган доирасимон уйлар кенг тарқалган. Мамлакат шарқида ясси томли тўғри бурчақли гувалак уйлар кўпроқучрайди. К.-д’И. марказидаги уйларнинг деворлари геометрик нақшлар, инсон ва ҳайвон тасвирлари б-н безалган. Мамлакат мустақилликка эришгач (1960), маҳаллий аҳоли учун 1—4 қаватли турар жой лойиҳалари ишлаб чиқилди. Кўп қаватли биноларнинг қуйи қисмида савдо маркази, меҳмонхона, ресторанлар жойлаштирилди. Абиджандаги Hyp ал-Ҳаёт маркази (меъмор А. Лаже, Ж. П. Люпи, Ж. Мас), алюминий билан зийнатланган эҳромсимон маъмурий бино (меъмор Р. Оливьери, муҳандис Р. Моранди), Мандаги «Шалола» меқмонхонаси (меъмор М. Дюшарм, Ларра, Ж.-П. Мино) ва б. Са-сандра ва Асинидаги меҳмонхоналар томи поход б-н ёпилган қад. уйлар шаклида барпо этилди. Турли шаҳарларда маданият марказлари, тим бо-зорлар гўзал усулда қурилган. Қурилишда темир-бетон, шишадан фойдаланилади, биноларга маҳаллий ҳунармандлар безак беради.

Тасвирий санъати. Ҳайкалтарошлик К.-д’И. халқлари тасвирий санъатининг энг гўзал соҳасидир. Маросимларда ишлатиладиган ёғоч ниқоблар, одам гавдалари нозик дид ва маҳорат билан ясалади, уларнинг шакли ё нафис ёки ваҳимали бўлади. Бўёқ ва нақшлар ниқобларнинг таъсирчанлигини оширади. Рўзғор буюмлари ва уй эшиклари ўймакорлик усулида ишланади. Олтин, мис, жездан зеб-зийнат асбоблари ясаш, қул тўқимачилиги, каштачилик, кулолчилик ривожланган, уйларнинг деворларига турли расм, гуллар, қуш ва ҳайвонларнинг суратини солиш одат бўлган.

Мусиқаси. К.-д’И. халқларининг баъзилари қад. Мусиқий анъаналарга эга. Чунончи, дан халқи бошлиқларида труба ва барабандан иборат катта оркестрлар бўлган. Данларнинг кўп қўшиқлари муайян маросим ва одатлар билан боғланган. Mac, қабила бошлиғи шарафига зиа, жамоа ишлари вақтида котава деган қўшиқлар айтилган. Бауле халқида маъбудаларни шарафловчи ва аждодлар руҳини эслатувчи қўшиклар кенг тарқалган. Аёллар қўшиғи товушнинг жўшқин тебраниши билан ажралиб туради. Малинке халқи гриотлари — жели қўшиқларининг шеърий матнлари ғоят мусиқийдир. Мустақиллик йилларида замонавий мусиқа ривожлана бошлади. Кўпгина ижодий жамоалар, жумладан, «Макакумани» фольклор гуруҳи (қабилалараро жамоа) катта иш қилаётир. Абиджандаги Миллий санъат ин-ти таркибида Миллий мусиқа ва рақс консерваторияси, Миллий мусиқа мактаби, Халқ санъати ва ҳунармандчилиги департаменти бор. Абиджан ун-ти, гуманитар тадқиқотлар маркази, Африка санъатини ўрганиш маркази халқ мусиқаси ва рақсини ўрганиш билан шуғулланади.

Театри. Халқ ижодиёти намуналарини ижро этувчи гриотларнинг хаттиҳаракатларида актёрлик нишоналари бор эди. Замонавий театр Дакарда 20-а. нинг 30-й. ларида вужудга келди, ҳаваскорлик тўгараклари тузила бошлади. 1933 й. да Б. Дадье «Шаҳарлар» деб аталган биринчи пьесани ёзди. 1938 й. да Маҳаллий театр ташқил этилди. Унда саҳналаштирилган Ф. Ж. Амоннинг «Буссатье ёки қора фолбин сири», «Пинҳона тўй» пьесаларида турмуш сарқитлари, Г. Коффининг «Бизнинг хотинлар», «Менинг эрим», «Қайтиш қўшиғи» ҳажвий пьесалари мустамлакачилик зулмини фош қилди. 2-жаҳон урушидан кейин «Гезабо», «Икаре» театр жамиятлари жамоалари, Абиджан ун-тининг «Ниқоблар ва рўдаполар» труппаси маҳаллий драматурглардан М. Берте, Э. Дервен, А. Коффи асарларини анъанавий Африка театри руҳида саҳналаштирдилар. 1967 й. да Миллий санъат ин-ти ҳузурида ярим профессионал труппа иш бошлади. Б. Дадьенинг «Тоғо-Ньини жаноблари», Г. ОйоноМбианинг «Уч ошиқ, бир қайлиқ», Г. Гонинг «Туссио» асарлари унинг энг яхши спектакллари бўлди. «Там-там. Овоз ва бадан» спектакли анъанавий Африка театрининг изланишларини акс эттирди.

Киноси. К.-д’И. кино санъати мустақиллик йилларида ривожлана бошлади. Реж. Т. Бассорнинг «Ёлғизлик қумтепаларида» қисқа метражли лентаси биринчи фильм бўлди. Унинг «Пичоқ ушлаган аёл» фильмида африкаликларнинг ғарб тамаддуни билан тўқнашуви кўрсатилган. «Мусофирлар учун концерт» фильми (реж. Д. Экаре) миллий кинога шуҳрат келтирди, унда пул ишлаш учун Европага борган африкаликларнинг оғир қисмати муаммоси кўтарилган. Миллий кинонинг асосчиларидан бири А. Дюпарк «Муна ёки рассомнинг орзуси», «Оила» фильмларида муҳим масалаларни ўртага ташлади. Кейинги йилларда ижод кила бошлаган ёш реж. лар «Муаззиннинг даъвати» (Э. Водио), «Кандай янгиликлар бор» (Г. М. Бала), «Желли» (К. Фадика), «Ажа Тио» (Ж. Л. Кула) каби қизиқарли фильмларни яратдилар.