КОТИБ ЧАЛАБИЙ

КОТИБ ЧАЛАБИЙ, Ҳожи Халифа (асли исми Мустафо ибн Абдуллоҳ; 1609, Истанбул – 1657.24.7) – турк географи, тарихчиси. Европада Ҳожи Халифа тахаллуси билан машҳур бўлган. Дастлабки илмни отаси Исо Халифа ал-Қримийдан олган. Кейинчалик бошқа олимлардан тарих, илми нужум, геогр. ва мат. фанларини ўзлаштирган. 1622 й. дан саройда котиблик қилган. 1627—35 й. ларда ҳарбий юришларда қатнашган. 1643 й. дан саройда муҳосиб ишлари билан шуғулланган. Котиб Чалабий тарихий «Тақвим ут-таворих» («Тарихлар тақвими»), денгиз жанглари тарихи тўғрисида «Туҳфат ул-кибор фи асфор ил-биҳор» («Денгиз юришлари ҳақида улуғларга туҳфа»), тарихий-гео-график «Жаҳоннамо» («Жаҳон кўзгуси»), библиографик «Кашф уз-зунун» ҳамда молия масалаларига оид асарлар муаллифи. «Жаҳоннамо» тўпламида бошқа халқлap тарихи, этнографияси, географияси, шунингдек, топография ва топонимикага оид қизиқарли маълумотлар берилган. Муаллиф бу асарни ёзишда Шарқ олимларининг бизгача етиб келмаган кўпгина асарларидан фойдаланган. Асарда ҳоз. Ўрта Осиё ҳудудига қарийб 2 боб ажратилган. Унда Ўрта Осиё географияси, халқларининг тарихига оид маълумотлар бор. «Жаҳоннамо» да Котиб Чалабий биринчи бўлиб европалик ва Шарқ олимларининг мамлакатлар ҳақидаги маълумотларини қиёслаган.

Loading...