КЎЗ ЁШИ — кўз ёши безида ишланиб чиқадиган сувга ўхшаш тиниқ суюқлик. К. ё. да 98,2% сув ва 0,8% минерал моддалар, 0,1% оқсил ва б. моддалар бор. Ажралиб чиққан Кўз ёши қовоқлар юмилганда кўзнинг бутун юзасини бир текис намлайди, қолган қисми ёш каналчалари, ёш халтачаси ва ёш-бурун канали орқали бурун бўшлиғига ўтади. Кўз ёши мугўз пардани қуриб қолишдан сақлаш билан бирга, унинг тиниқ туришига ҳам ёрдам беради. Баъзан қовоқлардаги ёт жисмларни ювиб кетади. Бундан ташқари, ёшдаги лизоцим ферменти микробларни ўлдириб, кўзни турли касалликлардан сақлашда муҳим роль ўйнайди.