КЎЗДАН КЕЧИРИШ

КЎЗДАН КЕЧИРИШ (жиноят ҳуқуқида) — тергов ҳаракати; жиноят излари ва б. ашёвий далилларни топиш, содир бўлган ҳодиса тафсилотларини ва жиноят иши учун аҳамиятли бошқа ҳолатларни аниқлаш мақсадида суриштирувчи, терговчи, баъзан суд ўтказади.

Қотиллик, босқинчилик, талончилик, ўғирлик, ҳалоқат қабилар юз берганда жой, бино, теварак-атроф, шунингдек, мурда кўздан кечирилади. Бу ҳаракат жиноят иши қўзғатилмасдан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин. Тинтувда топилган нарсалар ва ҳужжатлар, почтателеграф жўнатмаларини жиноят ишига қўшишдан олдин Кўздан кечириш шарт. Жиноят ишига алоқадор деб ҳисобланган буюмлар ва ҳолатлар Кўздан кечириш чоғида холислар ҳузурида таҳлил қилинади, зарур бўлса — тегишли мутахассислар ёрдамида фотосуратга, кинотасвирга, видеоёзувга туширилади, нусхалари ва қолиплари олинади. Кўздан кечириш жараёни ва унинг натижалари ҳақида баённома тузилади (Ўзбекистон Республикаси ЖПК 135—141-моддалар).

Prev Article

КЎЗАЛИҚИР

Next Article

КЎЗОЙНАК