КРАКОВ

КРАКОВ, Кракув — Польшанинг жан. қисмидаги шаҳар, Висла дарёси бўйидаги порт. Краков воеводалигининг маъмурий маркази. Аҳолиси 740,6 минг киши (1999). Краковга 8—10-а. ларда асос солинган. 11 — 16-а. ларда Польша давлати пойтахти. Ўрта асрларда ҳунармандчилик ва савдонинг йирик маркази. 1809—15 й. ларда Варшава герцоглиги таркибида, 1815—46 й. ларда Краков Республикаси маркази бўлган. Мамлакатнинг муҳим иқтисодий, илмий ва маданий маркази. Транспорт йўллари тугуни. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Қора металлургия ва машинасозлик (жумладан, оғир машинасозлик, электротехника ва радиоэлектроника) саноатлари ривожланган. Кимё, цемент, мебель, кўн-тери, тикувчилик, фармацевтика, парфюмерия, полиграфия, тамаки, озиқовқат саноати корхоналари мавжуд. Ун-т (1364) ва б. олий ўқув юртлари, кончилик металлургия академияси, Миллий ва бадиий музейлар, театрлар бор. К. — туризмнинг йирик марказларидан. Краковнинг қад. қисми — Висланинг чап соҳилидаги Навель тепалигида. Меъморий ёдгорликларидан Биби Марям Капелласи (10-а.), қирол қасри (13 — 17-а. лар), костёллар, Польша ФА биноси ва б. сақланган. Краковда кинофестиваллар ва халқаро кўргазмалар ўтказилиб турилади. Краковнинг тарихий маркази Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Prev Article

КРАЙСТЧЕРЧ

Next Article

КРАМЕР