КРЕДИТ

КРЕДИТ (лот. creditum — қарз, credo — ишонаман) — пул маблағлари, товар ва хизматларни келишилган устама (фоиз) тўлаб қайтариб бериш шарти билан маълум муддатларга қарзга бериш. Қарзга маблағ берувчи томон кредитор (давлат, банк, корхона, хусусий шахс ва б.), ссуда олувчи томон эса дебитор (қарздор) дейилади. Кредит келишуви қарздан фойдаланиш шартлари кайд этилган шартнома билан расмийлаштирилади. Кредит муомаласи қарз берувчи ва қарз олувчи ўртасидаги иқтисодий муносабатдир. Лекин ҳар қандай қарз муносабати ҳам Кредит бўла олмайди. Кредит муносабатида олинган маблағ қайтариб берилиши, фойдаланилгани учун ҳақ (келишилган фоизда) тўланиши, муддатли, маълум товар ва номоддий активлар билан таъминланган бўлиши, мақсадли ишлатилиши шарт. Берилиши муддатларига кўра, қисқа муддатли (1 йилга қадар), ўрта муддатли (1йилдан 5 йилгача), узоқ, муддатли (6 йилдан ортиқ) Кредитга бўлинади.

Кредитнинг тижорат, банк, давлат, истеъмол, халқаро, ипотека ва б. шакллари бор. Тижорат К. и — бир хўжалик юритувчи субъект томонидан берилади ва, одатда, вексель билан расмийлаштирилади. Банк К. и — жисмоний ва юридик шахсларга пул шаклида банклар томонидан берилади. Банк кредитининг форфейтинг, факторинг, харидорга қарз бериш каби кўринишлари бор. Давлат К. и — давлатнинг қарз берувчи ва қарз олувчи сифатида иштирокини назарда тутади. Давлат қарз берувчи сифатида банк тизими орқали бюджетдан тармоқ, ҳудуд, корхоналарни Кредит ажратиб молиялаштиради. Қарз олувчи сифатида аҳолига давлат заёмлари, облигацияларини сотиш билан жисмоний ёки юридик шахслардан карз олади, натижада ички давлат қарзи, чет давлатлардан олинган Кредитлар ҳисобидан ташқи давлат қарзи пайдо бўлади. Истеъмол К. и — аҳолига истеъмол товарлари, хизматларни насияга сотиш, уй-жой қурилиши харажатлари учун, ломбардлардаги мулк гарови ҳисобига, ўзаро ёрдам кассаси қарзлари ва б. кўринишларда берилади. Халқаро Кредит — муддатли, қайтимли ва фоиз тўлаш шартлари билан бир мамлакатдаги кредитор томонидан иккинчи мамлакатдаги қарз олувчига пул ёки товар шаклида бериладиган қарз, шунингдек, чет эл облигациялари, чет эл корхоналари акциялари ва б, қимматли қоғозларига фонда олиш мақсадларида капитал қўйиш.

Кредит иқтисодиётда муҳим вазифаларни бажаради, уларнинг орасида молия ресурсларини қайта тақсимлаш асосий ўринда туради. Кредит ёрдамида капитални бир тармоқдан иккинчисига, бир мулкдордан бошқасига оқиб ўтиши таъминланади. Шу билан ишлаб чиқаришни кенгайтириш, иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш, маблағларни капитал қўйишнинг энг фойдали ва истиқболли йўналишларида тўплаш имкониятлари юзага келади. Кредит ресурсларини банклар томонидан тартибга солиш механизмлари ёрдамида пул айланмаси торайтирилади ёки кен-гайтирилади, тўловга қрбил талабнинг кўпайиши ёки қисқариши юз беради, бу эса, ўз навбатида, и. ч. ривожига рағбат беради.

Кредит муносабатларида унинг барқарор бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Бунга эришиш учун мамлакатда Кредит сиёсати олиб борилади. Кредит сиёсати таркибида банкларнинг фоиз сиёсати ва ажратилаётган Кредит ларнинг йўналишлари, уларнинг қайтарилишини таъминлаш, Кредитнинг самарадорлигини ошириш, имтиёзлар, юз бериши мумкин бўлган хавф-хатарлар олдини олиш тадбирлари катта роль ўйвайди. Ўзбекистонда тижорат банкларнинг Кредит сиёсати мамлакат иқтисодиётининг устувор тармоқларини жадал ривожлантиришга йўвалтирилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг марказлаштирилган Кредит лари мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлашга йўвалтирилган янги и. ч. корхоналарини барпо этишга ажратилмокда. Шунингдек, мамлакат тижорат банклари ҳам янги и. ч. қувватларини барпо этишга Кредитлар ажратиш билан бирга кичик ва ўрта бизнесни қўллабқувватлашни ҳам амалга оширмоқда. Имтиёзли шартларда ажратилаётган Кредитлар ва микрокредитлар шулар жумласидандир. Кредит тизими: Марказий банк, тижорат банклари, кредит уюшмалари ва чет эл банклари филиаллари ва ваколатхоналари. Кредит тизимида Марказий банк алоҳида ўрин тутади ва у эмиссия мақомига эга. Мамлакатда Кредит тизими фаолияти «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида» (1995.21.12), «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида» (1996. 25.4) қонунлари билан тартибга солинади.

Аҳмаджон Ўлмасов, Қаҳрамон Ҳақбердиев.

Prev Article

КРЕВЕТКАЛАР

Next Article

КРЕЗ