КРИТ

КРИТ — Ўрта денгизнинг шарқий қисмидаги орол, Греция ҳудуди. Майд. 8,3 минг км2. Узунлиги ғарбдан шарққа 260 км, эни 12 км дан 55 км гача. Шим. қирғоқлари қўлтиқлар билан парчаланган, жан. кам парчаланган, жарли. Рельефи тоғли. Тоғ массивлари (энг баланд жойи 2456 м, Ида тоғи) оҳактош ва сланецлардан тузилган, карст ҳодисаси кенг тарқалган. Иқлими Ўрта денгиз иқлими, ёзи қуруқ. Янв. нинг ўртача т-раси 12°, июлники 26°. Тоғларда қор май ойигача сақланади. Йилига 600 мм дан 1600 мм гача (соҳил қисмида) ёғин ёғади, асосан, қиш ойларида. Ўрта денгиз буталари (фригана) ўсади, тоғ тепалари яйлов. Токзор ва зайтунзорлар бор. Донли экинлар, тамаки экилади. Аҳоли қўйчилик, балиқ овлаш билан ҳам шуғулланади. Самария миллий боғи ташқил этилган (тоғ флора ва фауваси муҳофаза қилинади). Антик давр ва ўрта асрларда қурилган кўплаб меъморий ёдгорликлар (қалъа, черковлар) сақланган. Асосий портлари: Ирақлион, Ханья.

Крит — Европа маданиятининг энг қад. ўчоқларидан. Оролда мил. ав. 3-минг йилликда илк қулдорлик давлатлари вужудга келган. Мил. ав. 20—15-а. ларда бу давлатлар жуда ривожланган. Мил. ав. 1-а. да К. Грециянинг сиёсий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Мил. ав. 67 й. да оролни римликлар эгаллаган. Рим империяси парчаланиб кетгандан сўнг (395 й.) К. Шарқий Рим империяси, 823—961 й. ларда араблар қўл остида бўлди, 961 — 1204 й. ларда Византия таркибига кирди. 1669 й. дан Усмонли турк салтанати тасарруфида. Болқон урушларищн сўнг Греция—Туркия шартномаси б-н тасдикланган 1913 й. даги Лондон сулҳ шартномасига асосан, К. Грецияга ўтди.

Loading...