КРИВОЙ РОГ ТЕМИР РУДА ҲАВЗАСИ

КРИВОЙ РОГ ТЕМИР РУДА ҲАВЗАСИ — дунёдаги улкан темир руда ҳавзаларидан бири. Украинанинг Днепропетровск вилоятидаги Ингулец, Саксаган ва Жёлтая дарёлари бўйлаб жойлашган. Темир рудаларнинг сифати ва заҳиралари бўйича жаҳонда олдинги ўринларда туради. Энига 2—7 км масофага эга бўлган темирли ҳавза НиколоКозельск ст-ясидан шим. га томон 100 км га чўзилган.

Ҳавзадаги рудали кварцитлар темирга бой бўлиб, магнетитли ва темирли кварцит турларига бўлинади. Биринчисида темирнинг миқдори 46—47% ни, темирли кварцитларда эса 25—45% ни ташқил қилади. Темирли кварцитлар сараланиб, таркибида 60% темир бўлган концентратлар олинади.

Руда очиқ усулда (умумий и. ч. нинг 80%) ва ер ости услубда қазиб чиқарилади. Кондан йилига 104 млн. т дан товар рудаси қазиб олинади (1984). Руда Украина қора металлургияси эҳтиёжлари учун фойдаланилади ҳамда бошқа давлатларга экспорт қилинади. Кривой Рогда темир рудалар негизида кон ва металлургия саноати корхоналари билан биргаликда, машинасозлик, кокскимё, озиқ-овқат, енгил саноат корхоналари бир қанча и. т. ин-тларини ўз ичига олувчи ихтисослашган саноат мажмуаси ташқил қилинган. Ҳавзаси 1881 й. дан бошлаб ўзлаштирилган.

Ад.: Вольфсон Ф. И., Дружи н и н А. В., Главнейшие типы рудных месторождений, М., 1982.