КСЕРОМОРФИЗМ (юн. xeros — қуруқ ва morphe — шакл, кўриниш) — қуруклик ўсимликлари — ксерофитларга хос морфологик ва анатомик хусусият. Барг юзасининг кичрайиши, ҳужайраларининг майдаланиши, кичик оғизчаларнинг кўп бўлиши, томирларнинг зич тўр ҳосил қилиши, баргларда туклар ҳосил бўлиши ва бошқалар Ксероморфизмга хос. Ксероморфизмда кўпинча барглар йўқолиб, улар ўрнини фотосинтезловчи поялар ёки тиканлар (мас, кактусда) эгаллайди. Ксероморфизм транспирация тезлигини камайтириб, нам танқислигида ўсимликларни қуриб қолишдан сақлайди.