КУБРО

КУБРО, Нажмиддин Кубро (тахаллуси; асл исм-шарифи Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий ал-Хоразмий) (1145—Хива—1221) — улуғ шайх, тасаввуфнинг таниқли вакилларидан бири, кубровийлик тариқатининг асосчиси (унинг тахаллуси «диннинг улуғ юлдузи» маъносини беради). Кубронинг каромат кўрсатиш, воқеаларни олдиндан билиш, ўткир назари билан таъсир эта олиш хислатига эга инсон бўлганлиги ҳақида ривоятлар тарқалган. Кубро ёшлигидан илмга қизиққан, қобилиятли бўлган. Ислом асослари, шариат, ҳадис ва тафсирни жуда тез ўзлаштириб олади. 16—17 ёшларида таҳсилни чуқурлаштириш мақсадида Хоразмдан чиқиб, Эрон, Миср, Шому Ироқ мамлакатларини кезади. Тариқатдан хабардор бўлишга интилиб, бир неча шайх, дарвишлар суҳбатида бўлади. Илк дафъа Мисрда шайх Рўзбихон Ваззон Мисрий (1189 й. в. э.)га мурид тўшади, ундан тариқат одобини ўргавади, шайхнинг қизига уйланади. Кейинчалик Ҳамадонда шайх Аммор Ёсир (1187 й. в. э.), Дизфулда шайх Исмоил Қасрий (1193 й. в. э.) каби устозлардан сабоқолди. 25 й. дан ортиқумрини илм таҳсилига бағишлаган Кубро 1185 й. Хоразмга кайтиб келади. Бу ерда катта хонақоҳ қурдириб, ўз диний мактабини яратади. Кубро кишиларни эзгуликка, илмга, сахонат ва мардликка даъват этди. Унинг тарбиясини олган юзлаб одамлар ирфоний маърифатдан баҳраманд бўлдилар. Кубронинг муридлари Маждиддин Багдодий (1209/1219 й. в. э.), Саъдиддин Ҳумавий (1252 й. в. э.), Нажмиддин Доя (1256 й. в. э.) тасаввуф тарихида ном қозонган шайхлардир.

Кубро ўз қарашларини араб тилида ёзган бир неча рисолаларида баён этган. Улардан асосийлари: «Фавоиҳ алжамол ва фавотиҳ ал-жалол» («Жамол хушбўйликлари ва жалолнинг кашфи», «Ал-усул ал-ашара» («Ўнта усул»), «Рисола ат-туруқ» («Тариқатлар рисоласи»), «Рисолат ал-хоиф ал-ҳоим мин лавм аллоим» («Маломатчининг маломатидан ҳазар қилувчи ҳақида рисола») ва б. К. нинг форс тилида ёзган «Фи одобус соликин» («Соликлар одоби ҳақида») рисоласи ҳам бор. К. Қуръонга мутасаввифлар нуқтаи назаридан шарҳ беришни охиригача етказа олмади, бу ишни унинг шогирдлари тугаллади. Форсча рубоийларида жавонмардлик, пок ахлоқ ғоялари ифодаланган.

Кубро мўғул босқинчиларига қарши жангда шаҳид бўлган. Қабри Кўҳна Урганчда. Кекса шайх ва донишманд инсоннинг бу жангдаги қаҳрамонлиги, жасорати авлодларга ибрат бўлиб қолди. Кубро шахси ва унинг мероси Ўзбекистонда мустақиллик туфайли ўрганила бошланди. 1995 й. да Ўзбекистонда Кубро таваллудининг 850 й. лиги нишонланди.

Ад.: Бертельс Е. Э., Суфизм и суфийская литература, М., 1965; Комилов Н., Нажмиддин Кубро, Т., 1995; Жўзжоний А. Ш., Тасаввуф ва инсон, Т., 2001.

Нажмиддин Комилов.

Prev Article

КУБОК

Next Article

КУВАЙТ