КУЧУКТЕПА

КУЧУКТЕПА — сўнгги жез ва илк темир даврига оид қўрғон харобаси (мил. ав. 10—5-а. лар). К. Кўҳитанг тоғининг жан. ён бағрида, Уланбулоқсой бўйида, Мурзарабод қишлоғи яқинида жойлашган. Кучуктепа айлана шаклда бўлиб, асоси 320 м, юқори қисмида 150 м га яқин. Бал. 8 м. Шим.-шарқий томонда алоҳида уйларнинг харобалари жойлашган. Умумий майд. —0,5 га. Ёдгорлик Л. И. Альбаум томонидан аниқланган (1962). Археологик тадқиқот ишлари 1963—84 й. ларда (узилишлар б-н) олиб борилган (А. Асқаров). Ёдгорликнинг марказий қисми тўлиқ очиб ўрганилган. Кучуктепа тарихида 4 та меъморий босқич мавжуд бўлган. 1-босқичга оид бино 4 м қалинликдаги махсус сунъий кўтарма устига қурилган. Бино тўғри тўртбурчак шаклда бўлиб, шим., ғарб ва жан. томонлардан мудофаа деворлари билан ўралган . Бинонинг умумий майд. 60 м2 ни ташкил этган. 2-меъморий босқичда шарқий томондан бинога яна 4 та хонадан иборат уй қурилган. Натижада бино квадрат шаклга эга бўлган.

Бино 2 қатор мудофаа деворлари билан ўралган. 3-меъморий босқичда бинонинг шарқий ва жан. томонларида янги туpap жойлар барпо этилган ва у яна бир қатор мудофаа девори билан ўралган. 4-меъморий босқичда олдинги давр турар жойлари ўрнида янги уйлар барпо этилган. Бинонинг дастлабки кўриниши сақланиб қолган. Жан. ва шарқ томондан бино янги қалин мудофаа девори билан ўралган. Бинонинг умумий майд. 250 м2 ни ташкил қилган. Асосий қурилиш материали сифатида тўғри тўртбурчак шаклдаги хом ғиштлардан фойдаланилган. Кучуктепадан қўлда ва кулолчилик чархида тайёрланган сопол идишлар, ўроқсимон тош пичоқлар, болғалар, ўғир дасталари, ҳавончалар, ёрғучоқлар, жез пичоклар, бигизлар, пайконлар, ханжар ва суяк бигизлар топилган. К. Ўрта Осиёнинг шим. ҳудудларидан кўчиб келиб, ўтроклашган чорвадорларнинг мудофаа деворлари билан ўралган манзилгоҳидир. Улар ўз тараққиётида маҳаллий деҳқон аҳолининг маданий ютуқларидан кенг фойдаланганлар. Кучуктепада ҳаёт узлуксиз 400 — 500 й. давом этган. Кучуктепа аҳолиси деҳқончилик ва чорвачилик б-н шуғулланган.

Ад:. Ал ьбау м Л. И., К датировке верхнего слоя поселения Кучуктепе. ИМКУ, вып. 8, Т., 1969; Асқаров А. А., Альбаум Л. И., Поселение Кучуктепа, Т., 1979; Шайдуллаев Ш. Б., Севервая Бактрия в эпоху раннего железного века, Т., 2000.

Шокиржон Пидаев.

Loading...