КУНГАБОҚАР

КУНГАБОҚАР (Helianthus annuus L.) — мураккабгулдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўсимлик, асосий мойли экинлардан бири. Ватани — Шим. Америка. Ёввойи ҳолда ўсадиган Кунгабоқарни испанлар Европага 1510 й. да келтирганлар. Дастлаб манзарали ўсимлик сифатида экилган. Узоқ танлаш йўли билан маданий Кунгабоқар (дастлаб пистаси чақиладиган, сўнгра мой олинадиган хиллари) яратилган. Россияга 18-а. да Голландиядан келтирилган ва 19-а. ўрталарида катта майдонларга экилган, уруғидан мой олинган. Мой олинадиган К. Россиядан АҚШ ва Канадага тарқалган. Ер юзида Кунгабоқар экиладиган майдонлар 22,84 млн. га, ялпи ҳосили 28,5 млн. т, ўртача ҳосилдорлик 12,5 ц/ га. Россия (3,9 млн. га), Аргентива (3,8 млн. га), Украина (2,7 млн. га), Ҳиндистон (2,2 млн. га), АҚШ (1,3 млн. га), Руминия (1 млн. га), ГФР (0,8 млн. га), Туркия (0,5 млн. га), Ўзбекистон (4 минг га)да экилади (1999).

Илдизи ўқ илдиз, яхши ривожланган, пояси тик ўсади, дағал, юқори қисми шохланади, бўйи 4 м га боради. Барги оддий, йирик, кетма-кет жойлашган, дағал туклар билан қопланган. Тўпгули саватча (диам. 35—40 см). Саватча марказидаги гуллар вайсимон, икки жинсли, четдагйлари қизғиш-сариқ, тилсимон. Четдан чангланади. Меваси — листа, 4 қиррали, ранги оқ, кулранг, 1000 та уруғи вазни 100 — 150 г. К. уруғининг катталигига, мойининг миқдорига ва мағзининг чиқишига қараб 3 гуруҳга бўлинади: Мойли Кунгабоқар — пистаси майда, 1000 донасининг вазни 35—80 г, мағзи таркибида 53 — 63% мой бор; чақиладиган Кунгабоқар — пистаси йирик, 1000 донасининг вазни 100—170 г, мағзининг таркибида 20 — 35% мой бўлади (поясидан силос ҳам бостирилади); оралиқ К, — ҳамма кўрсаткичлари ўртача.

Кунгабоқар уруғи 4—6°да 10—15 кунда униб чиқади. Майсаси — 6° совуққа бардошли (қисқа қорасовуқларга чидайди). Иссиқликка талабчан, ёруғсевар, қисқа кунли, қурғоқчиликка чидамли, намсевар ўсимлик. Соя жойда яхши ривожланмайди. Ўсув даври 80—140 кун. Озуқага талабчан, 1 т писта ва поябарг ҳосил қилиши учун 50—60 кг азот, 20—25 г фосфор, 120—160 кг калий талаб қилади.

Кунгабоқар дан, асосан, овқатга ишлатиладиган кунгабоқар мойи олинади, силосбоп навларидан силос бостирилади, чиқиндилари (шрот ва кунжараси) чорва молларига юқори сифатли озуқа.

Кунгабоқар эрта баҳорда тупроқ ҳарорати 8 — 12° етганда ва такрорий экин сифатида кўзги буғдой ва арпадан кейин экилади. Экишдан олдин ер текисланади. Ер ҳайдашдан олдин гўнг (20 т/га), азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар солинади. Экиш учун р-нлаштирилган навлар уруғи кенг қаторлаб ва пунктир усулда 5—8 см чуқурликда экилади. Суғориладиган майдонларда кўчат қалинлиги 60 минг туп/га бўлиши ло-зим (1 га майдонга писта учун 5—8 кг, силос учун 35—40 кг уруғлик сарфланади). Кунгабоқар уруғи экишдан олдин зарар-куванда ва касалликларга қарши дориланади. Экишда маккажўхори экиладиган сеялкалардан фойдаланилади. Ўсув даврида қатор ораси 2—3 марта культивация қилинади, 5—6 марта су-ғорилади. Гуллаш даврида экинзорда асалари уялари қўйилса Кунгабоқар гуллари яхши чангланади. Гуллаш даврида кўп сув талаб қилади. Суғориш меъёри 600 — 800 м3/га. Кунгабоқарнинг етилганлигини саватининг сариқ-жигаррангга кирганлигига қараб аниқлаш мумкин. Ҳосил дон комбайнларида махсус мослама билан ўриб олинади.

Навлари: Ўзбекистонда ВНИ-ИМК 8931, Чкалов гиганти навлари экилади.

Зараркувандалари: симқуртлар, сохта симқуртлар, кунгабоқар ка-палаги, кемирувчи тунламалар ва б.

Касалл и кл ари : оқ чириш, кулранг чириш ва б., бегона ўтлардан шумғия жуда зарарлидир.

Ад.: Васильев Д. С, Подсолнечник, М., 1990; Атабае ва Ҳ. ва б., Ўсимликшунослик, Т., 2000.

Ҳалима Отабоева.

Loading...