КУНЖАРА — мойли экинлар (ғўза, кунгабоқар, маккажўхори, соя, ваша, зиғир, кунжут ва б.) уруғларидан мой ажратилганидан кейин олинадиган қўшимча маҳсулот; ёғ ва протеинга бой концентрланган озуқа. 100 кг чигит К. сида ўртача 110 озуқа бирлиги ва 31,9 кг ҳазм бўладиган протеин бор (кунгабоқар К. сида тегишлича 108,8 ва 37,2). Кунжара таркибида 4—7% ёғ бўлади. Аминокислоталар таркибига ва биокимёвий қимматига кўра, Кунжара оқсиллари дон экинлари оқсилларидан устунлик қилади, уларда, шунингдек, калий, кальций ва фосфор кўпроқ. Лекин каротин ҳам В гуруҳига кирувчи витаминларга бой. Стандарт К. чет аралашмалардан тоза, бир турли, моғорламаган бўлади. Намлиги 12% дан юқори бўлмаслиги лозим (ундан ортиқ бўлганда моғорлайди ва қизиб кетади). Барча қ. ҳ. ҳайвонларига қуруқ ёки намланган ҳолда бошқа емларга аралаштириб ва аралаш ем таркибида бериш мумкин. Айрим Кунжара турлари таркибида заҳарли ёки маҳсулот сифатини ёмонлаштирадиган моддалар бўлади. Пахта чигитида ва Кунжараси таркибидаги госсипол молларни заҳарлаши мумкин.
Кунжара ва шротларнинг протеини қ. х. ҳайвонларининг барча турлари ва паррандалар учун ҳаётий зарур аминокислоталар манбаидир, айниқса, соя К. си лизинга бой. Чигит Кунжараси соғин сигирлар ва бўрдоқига боқилаётган қорамолларга бир суткада 2,5—3 кг, бузоқларга 3—4 ойликдан кўпи билан 100 г, отларга 2 кг гача, қўйларга 200 г, бўғоз молларга 0,5— 1,0 кг берилади.
Рўзимат Ҳамроқулов.