КУННИНГАМ ҒЎЗАСИ (Gossypium Cunninghamii Tod.) — ёввойи ғўза тури. Итальян олими А. Тодаро таърифлаб берган (1887). Австралиянинг шим.ғарб соҳилларида тарқалган. Куннингам ғўзаси — тик ўсадиган, бўйи 3—4 м ли яланғоч бута. Барглари тухумсимон-узунчоқ, бутун, барг банди калта. Баргининг пастки томонидаги марказий томирларида битта тўқ яшил шира бези бор. Гулёнбарглари майда, гуллари ўртача катталикда, гул бандлари узун. Гулбарги тўқ қизил, асосида тўқ қизил доғлари бор. Косачаси йирик, қора томирли ва 5 тадан узун тишли. Гулёнбарглари наштарсимон, гулдан ташқарига қайрилган. Кўсақлари майда, 3 чаноқли, тухумсимон, учи ўткир, сирти силлиқ, қора смолали безчалар билан қопланган. Чигитлари майда, чўзинчоқ. Биологик хусусиятлари ўрганилмаган.