КУРОРТОЛОГИЯ

КУРОРТОЛОГИЯ (курорт ва…логия) — тиббиётнинг бир бўлими; табиий шифобахш омиллар (иқлимий, бальнеологик ва б.), уларнинг организмга таъсирини ҳамда улардан даволаш-профилатика мақсадларида фойдаланиш усулларини ўрганади (қ. Бальнеология, Иқлим билан даволаш, Бальнеотерапия, Балчиқ билан даволаш). К. санаторий ва курортлар ишини ташқил қилиш, оммавий дам олиш, курортбоп жойларни излаш ва танлаш масалалари билан ҳам шуғулланади. Худди табиий физик омиллардагидек (мас, карбоват ангидридли, водород сульфидли ва б.) сунъий муҳит барпо этиш, физиотерапия усулидан фойдаланиш ҳам Курортология вазифасидир. Ўзбекистонда Курортология и. т. ин-ти (1919) ва 1920 й. да Ўрта Осиё ун-тида тиббиёт ф-ти ташқил этилган вақтдан бошлаб курорт жойларни мунтазам ўрганишга киришилди, маҳаллий минерал сувлар, балчиқлар, куёш нури ва б. табиий омилларнинг одам организмига таъсири клиник ҳамда экспериментал жиҳатдан тадқиқ қилинди. Ҳоз. ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлиги Саломатликни тиклаш ва физиотерапия и. т. ин-ти ҳамда унинг шохобчалари (Термиз, Наманган ш. да) Курортология соҳасида фаолият кўрсатади.