КУТУБХОНА — босма ва айрим қўлёзма асарлардан оммавий фойдаланишни таъминловчи маданий-маърифий ва илмий муассаса; мунтазам равишда босма асарлар тўплаш, сақлаш, тарғиб қилиш ва китобхонларга етказиш, шунингдек, ахборот-библиография ишлари б-н шуғулланади, омманинг маданий савиясини оширишда фаоллик кўрсатади. Китобхонларга хизмат кўрсатиш Кутубхонанинг асосий фаолияти бўлиб, қолган барча фаолиятлар (китоб фондини бутлаш ва уни ташкил этиш, фонд мазмунини ёритиш, уни китобхонларга етказиш қабилар) асосий фаолият учун хизмат килади. Китобхонларга хизмат кўрсатишнинг асосий мақсади уларни ахборот ва адабиётга бўлган талабларини имкон борича тўлиқ қондириш ва адабиёт танлашларига ёрдам беришдан иборат. Ҳар бир Кутубхона ўз турига кўра китобхонларни табақаларга бўлиб, алоҳида китобхонлар гуруҳларига ажратган ҳолда хизмат кўрсатишни ташкил қилади. Адабиётлар тарғиботининг барча шакл ва усуллари китобхонлар талабини имкон қадар тўлиқ ва тезкорлик б-н қондиришга қаратилади.
Ёзувнинг пайдо бўлиши ва ҳужжатли манбаларни, айниқса, қўлёзма ва кейинчалик босма китобларнинг кўпайиши Кутубхона ларнинг юзага келиши ва ривожланишига шароит яратди. Кутубхоналар ёзма ёдгорликларни сақловчи хазина сифатида жуда қадимда пайдо бўлган. Мил. ав. 2-минг й. ликда сопол битиклари сақланган Кутубхоналар бўлган. Мил. ав. 7-а. ўрталарида Шарқдаги кўп саройларда, Қад. Миср ва Рим ибодатхоналари қошида Кутубхоналар бўлган. Қад. даврдаги Кутубхона лардан энг машҳури Александрия (Искандария) кушубхонасидир.
Ғарб. Европада илк ўрта асрларда мовастр ва ибодатхоналар қошида Кутубхоналар ташкил этилган. Китоб босишнинг ихтиро қилиниши Кутубхоналар ривожланишида янги даврни бошлаб берди. Сарбонва, Гейдельберг ун-тлари қошида, шунингдек, Ватикан К., Париждаги Кироллик Кутубхона каби Кутубхоналар пайдо бўла бошлади.
Ўзбекистон ҳудудида мил. ав. 1-минг йилликнинг сўнгги асрларида дастлабки Кутубхоналар пайдо бўлган. Дастлабки Кутубхоналар ҳукмдорлар саройларида ва ибодатхоналарда ташкил этила бошланган. Турон халқлари Миср, Эрон, Юнон ва уларга қўшни бўлган халқлар билан яқин алоқалар ўрнатган, ўша даврлардаги мавжуд қўлёзмалар билан ҳам таниш бўлган. Ўзбекистон халқларининг қад. ёзма ёдгорликлари сақланмаган. Берунийнинг хабар беришича, китоб хазиналари ва уларни сақловчилар турли истилолар даври (7—9-а. лар)да йўқ қилиб юборилган. 9—10-а. ларда Ўрта Осиёда фан ва маданият ривожланди. Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч ва б. йирик шаҳарлар ҳукмдорлари саройларида Кутубхоналар барпо этилди. Айниқса, Бухорода кўп Кутубхоналар мавжуд бўлганли-ги ҳақида маълумотлар бор. Улардан энг машҳури, энг бой ва йириги Сомонийлар сулолавий Кутубхонаси эди. Мадраса ва масжидлар қошида ҳам Кутубхоналар бўлган. Мўғуллар истилоси арафасида Марв ш. да 10 та йирик Кутубхона бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. 13-а. да Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Балх ва б. шаҳарлар маданият марказлари, олимлар тўпланадиган жой бўлиб, уларда йирик Кутубхоналар мавжуд эди.
14-а. нинг 2-ярмидан Ўрта Осиёда маданий ҳаётнинг янгидан юксалиши Кутубхона ларнинг қайта тикланишида ҳам намоён бўдди. 14-а. охирида Шайх Муҳаммад Порсо умум учун очган маскан вақф К. си тарзида 19-а. 40-й. ларигача фаолият кўрсатган. Бухоро, Самарқанд, Қарши, Хива ва б. шаҳарлардаги катта мадрасаларда Кутубхоналар бўлган, уларнинг фондлари мадрасанинг қад. ва нуфўзига қараб турлича бўлган. Баъзи тарихий манбаларда қайд этилишича, Беруний, Ибн Сино, Фирдавсий, Замахшарий, Умар Хайём қабиларнинг шахсий Кутубхоналари, Алишер Навоийнинг қимматбаҳо қўлёзмаларга бой йирик Кутубхонаси, Абдураҳмон Жомийнинг шахсий Кутубхонаси машҳур бўлган. 19-а. охири — 20-а. бошларида Бухорода 3 та энг бой шахсий Кутубхона бўлиб, улардан қози Муҳаммад Шариф Садр Зиёнинг Кутубхонаси бизгача тўлиқ сақланиб қолган. 20-а. бошларида маҳаллий ўзбек ва рус зиёлилари генерал Жўрабек, Дукчи Эшон номи билан машҳур Муҳаммадали халфа Собир ўғли, В. Л. Вяткин, врач Г. М. Семенов, Абдурауф Фитрат ва б. нинг шахсий Кутубхона лари бўлган.
20-а. 10—20-й. лари Туркистон ҳудудида 2 та халқ К. си, бир неча шаҳар К. лари ва б. мавжуд бўлган. Маҳаллий аҳоли вакиллари миллий йўналишдаги 2 та Кутубхона ва мадрасалар ҳузуридаги Кутубхона лардан фойдаланган. Шу К. лар ўз даврида давлат К. сини ташкил этишда асосий негиз бўлиб хизмат қилди. Ҳозирда оммавий, илмий ва махсус Кутубхоналар тизими шаклланган ва фаолият кўрсатиб келмоқда.
ЎзРда Кутубхонанинг оммавий, илмий ва махсус турлари бор. Оммавий Кутубхоналар адабиётларни саралаш ва кенг китобхонлар оммасига етказиш, фаолиятида турли китобхонлар гуруҳларига мўлжалланган китобларни тарғиб қилиш ва ўқишни бошқаришда фаол ва таъсирчан усулларни қўллайди. Бу гуруҳга Ўзбекистон Маданият ишлари вазирлиги тизимидаги шаҳар ва қишлоқ К. лари, касаба уюшмаларининг корхоналардаги Кутубхоналари, клублар, маданият уйларидаги Кутубхоналар киради.
Илмий ва махсус Кутубхоналар фан, иқтисодиёт ва маданиятнинг турли тармоқларидаги олимлар ва мутахассисларга хизмат кўрсатади, шунингдек, олий ва махсус ўқув юртлари талабаларининг эҳтиёжларини қондиради. Илмий Кутубхона ларга йирик давлат, академия, ун-т ва тармоқлар Кутубхона лари; махсус Кутубхона ларга техника К. лари, муассасалар, илмий тадқиқот ин-тлари, олий ўқув юртлари ва ҳ. к. даги Кутубхоналар киради. Сақланаётган адабиётлар таркибига қараб Кутубхонани универсал, кўп соҳали ва соҳа Кутубхона ларига ажратиш мумкин. Кутубхоналар ўз навбатида, фаолияти, минтакавий даражасига, мансублигига қараб яна турларга бўлинади (миллий Кутубхона, давлат Кутубхонаси, вилоят К. си, ўсмирлар Кутубхонаси, қишлоқ хўжалиги К. си ва б.). Фантехника тараққиёти шароитида алоҳида Кутубхона
китобхонларнинг талабларини қондиришга қодир эмас. Шунинг учун Кутубхоналарни биргаликда фаолият кўрсатиш жараёни кўзатилмоқда. Бу К. тармоқларини марказлаштиришда намоён бўлмоқда.
Ҳар қандай Кутубхонанинг асосий вазифаси китоб фондини жамлаш, жойлаштириш ҳамда китобхонларга хизмат қилишдан иборат. Китоб фондини жамлаш учун ушбу Кутубхонага керакли нашрлар мунтазам кузатиб борилади, аниқланади ва уларни Кутубхонага олиш кутубхона кол-лектори орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, йирик Кутубхоналар босма нашрларнинг тўлиқ ёки қисман назорат нусхасини олиш хуқуқига эга, шунингдек, улар учун мамлакат ичида ва чет мамлакатлардан китоблар сотиб олиш имкони яратилади. Китобхонларга хизмат кўрсатиш даражаси Кутубхона фондини тўлиқ тўплашга бирмунча боғлиқ.
Китоб фондини тўғри ташкил қилиш (ҳисобга олиш, жойлаштириш, сақлаш ва китобхонга етказиш) китобхонга адабиётдан фойдаланишни, кутубхона-чига эса китобхонга тез хизмат кўрса-тишни, фондни ижтимоий мулк сифа-тида сақлашни таъминлайди.
Китобхонга хизмат кўрсатишнинг турли йўллари мавжуд: китобхонга абонемент, қироатхона ҳамда кўчма К. орқали китоб бериш; айрим китобхон ва корхоналарга китоб танлашда ёрдам бериш; кутубхона каталоги тизими орқали китоб фондини ёритиш; турли хил ахборот-библиография қўлланмалари тузиш ва ҳ. к.
Завонавий илмий техника тараққиёти Кутубхоналар ишини мураккаблаштирмоқда. Кўгтлаб босма асарларни и. ч. нинг беқиёс даражада ўсиши Кутубхоналар олдига кўп ҳажмдаги нашрларни танлаш, саралаш ва оқилова сақлаш, компьютердар воситасида излаб топиш ва тезда китобхонга етказиш масалаларини кўндаланг қўяди.
Кутубхоналар фаолияти шароитидаги ўзгаришлар аввалги сермеҳнат анъанавий Кутубхона техникасини механизациялаш ва ав-томатлаштириш билан алмаштириш вазифасини долзарб қилиб қўймокда. 50 — 60-й. лардан Кутубхоналарни техника билан таъминлаш бирмунча ўсди. Айрим Кутубхона ички жараёнлари (йирик Кутубхона ларда кўп китобларни ҳаракатлантириш) конвейер ва кўтаргичлар ёрдамида амалга оширилади, китоб фондларидан биргаликда фойдаланишда завонавий услубларни қўллаш, энг янги техника (жумладан, ЭҲМ)дан фойдаланиш ва б. қўлланилмокда. Янги Кутубхона анжомлари жойлардан унумли фойдаланишни, кутубхоначи меҳнатининг унумдорлигини оширишни таъминламоқда, китобхонларни адабиётлар устида ишлашини енгиллаштиришга ёрдам бермоқда ҳамда и. ч. эстетикаси талабларига тўлиқ жавоб беради.
Завонавий техника кутубхоначини қўл меҳнатидан озод этиб, уни асосий вазифаси — китобхонлар билан маданий тарбиявий ишлар олиб боришга кўпроқ вақт ажратишга имкон яратмокда. Дунёдаги энг йирик Кутубхона лар: АҚШнинг Конгресс К. си (Вашингтон), Британия К. си (Лондон); Франция, Австрия, Швеция, Япония ва б. мамлакатларнинг миллий Кутубхоналари, Россиядаги Росси давлат Кутубхонаси (Москва), Россия миллий Кутубхонаси (Санкт-Петербург) ва б., Ўзбекистонда Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Ўзбекистон ФАнинг Асосий кутубхонаси, Ўзбекистон миллий ун-тининг Асосий кутубхонаси, «Турон» кутубхонаси ва б.
Ад.: Ўзбекистонда кутубхоначилик ищи, Т., 1989; Қосимова О., Ўзбекистонда кутубхоначилик иши тарихи, Т., 1992; Охунжо-нов Э. О., Туркистонда Ўрта аср кутубхоначилик ва библиография ишлари мада-нияти, Т., 1994.