КУЗАТИШ

КУЗАТИШ (психологияда) — воқеликдаги нарса ва ҳодисаларни режали, узлуксиз, батартиб, мукаммал идрок қилиш; воқеликни ҳиссий билиш услуби. Кузатиш Аристотель замонидан ҳоз. давргача кузатувчиларнинг асосий тадқиқот воситаларидан бири саналади. У ҳиссий билишнинг омиллари, хусусиятлари, қонуниятлари тўғрисида дастлабки тасаввурлар ҳосил қилишга қаратилган инсон фаолияти шаклидир. Кузатишнинг қай даражада бўлиши қўйилган мақсаднинг аниқлигига, кузатилаётган нарса ва воқеалар ҳақида олдиндан билимга эга бўлишга, кучли, барқарор диққат билан фаол фикрлашга ва ҳ. к. га боғлиқ. Кузатишда идрок ва тафаккур узвий боғланади. Кузатишда тегишли хулосалар чиқарилади, факт, воқеалар назарий таҳлил этилади, фаразлар олға сурилади. Кузатишнинг объектив (ташқи Кузатиш) ва субъектив (ички, ўзиниўзи Кузатиш) турлари мавжуд. Кузатиш орқали одамларнинг диққати, ҳис-туйғулари, имоишоралари, сезгирлиги, хулқ-атвори, нутқи, фаолияти, муомала мароми ва б. ўрганилади. Ўзини-ўзи Кузатиш (интроспекция)дан фоидаланган психолог ўзининг хулқи, муомаласи тўғрисида илмий, ҳаққоний хулоса чиқара билади. Вюрцбург психология мактаби (Германия) намояндалари К. Бюлер (1879 — 1922), А. Мессер (1867-1937), О. Кюльпе (1862— 1915) психологик тажрибаларни даставвал ўзини-ўзи Кузатиш методи ёрдамида ўзлари устида ўтказганлар.

Кузатиш воқелик содир бўлишини, атроф муҳитни, инсон шахсини муайян қисмларга, йўналишларга фикран ажратиш; К. нинг кўлами, хусусияти ва ўзига хослигини аниқяаш; барча ҳолат, аломат, ташқи кўринишнинг ўзига хослигини қайд қилиш; тўпланган материалларни математик статистик ҳисоблаш йўли билан амалга оширилади.

Кузатишнинг системали, эпизодли, дала шароитли, лабораториявий, табиий, даврий (бир мартали) кўринишлари, шунингдек, турли воситалари ва шакллари мавжуд. Кузатишда Р. Бейлзанинг интеракция (ўзаро таъсир) услубини (баҳс, мунозара чоғида ўзаро таъсир имконини аниқлаш мақсадида) қўллаш ижобий натижалар беради.

Эргаш Ғозиев.