КВАРЦ

КВАРЦ (нем. Quarz) — силикатлар синфига мансуб энг кўп тарқалган жинс ҳосил қилувчи минерал. Кимёвий формуласи SiO2. К. нинг кристалли 2 та модификацияси маълум: гексагональ Кварц (ёки а-К.) 870—573° т-pa оралиғида турғун ва тригональ Кварц (Р-К.) 573° дан пастда турғун. р-К. табиатда энг кўп тарқалган. Қўшалоклари кўп, кристалл донача, агрегат ва зич массалар ҳолида учрайди. Кварцнинг кристаллари, доналари, агрегатларининг ранги ҳар хил: шаффоф — тоғ биллури, бинафшааметист (сафсар), кулранг — раухтопаз, қора — морион, тилларанг — цитрин ваб. Рангининг хар хил бўлиши структуравий дефектига боғлиқ. Мураккаб ранглилари ҳам учрайди, уларга бошқа минералларнинг майда зарралари қўшилган бўлади. Кварцнинг яширин кристалл хиллари агат ва халцедон ниҳоятда ингичка толасимон тузилмалардан иборат. Кварц оптик жиҳатдан бир ўкли, мусбат. Ультрабинафша ва қисман инфрақизил нурларни ўтказади. Сунъий Кварцни SiO2 нинг сувли эритмасидан юқори босим ва т-рада олинади. Кварц турли тоғ жинсларининг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Кварц пьезоэлектрик хоссага эга. Қаттиклиги 7. Зичлиги 2,65 г/ см3. Эриш т-раси 1710°, совиганда кварц ойнаси деб аталувчи жисмга айланади. Монокристаллари кам учрайди ва жуда юқори баҳоланади. Кварц Ўрта Осиё (Помирда), РФ (Уралда), Украина (Волинда), Бразилия ва Мадагаскарда учрайди. Кварц қуми ва унинг метаморфлашган турлари — кварцитлар керамика ва шиша саноатида, монокристаллари (пьезокварц) оптика ва радиотехникада, шаффоф ва чиройли ранглилари ярим қимматбаҳо тош сифатида заргарликда ишлатилади.

Loading...