КЁЛЬН

КЁЛЬН — ГФРдаги шаҳар. РейнВестфалия ерида, Рейн дарёси бўйида. Аҳолиси 962 минг киши (1998). Кёльн — халқаро транспорт йўлларининг йирик тугуни. Халқаро аэропорт бор. Муҳим дарё порти (йиллик юк ортиб-тушириш 15 млн. т). Кёльнда Рейн дарёсига бир неч-та кўприк қурилган. Мамлакатнинг муҳим иқтисодий, молия ва савдо марказларидан. Металлсозлик ва машина-созлик (тракторсозлик, кон саноати учун ускуналар и. ч., автомобилсозлик, вагонсозлик ва локомотивсозлик), электротехника саноати иқтисодининг етакчи тармоқлари. Нефтни қайта ишлаш ва нефть кимёси, тўқимачилик, кимё, тикувчилик, озиқ-овқат, полиграфия, парфюмерия саноати корхоналари бор. Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади. Кёльн — улгуржи савдо ва кредит-банк ишларининг йирик маркази. Халқаро ярмарка ва кўргазмалар ўтказилади. Метрополитен, ун-т (1388), музейлар, жумладан бадиий ҳунармандчилик, Рим-Германия, Шарқий Осиё санъати музейлари ва б. бор. Меъморий ёдгорликлардан роман черковлари (10—13-а. лар), готика собори (13—19-а. лар), черковлар (13—16-а. лар), ратуша (14 — 15-а. лар), турар жойлар (13-а.), барокко усулидаги черковлар (17 — 18-а. лар) сақланган. Шаҳар мил. ав. 1-а. дан маълум. 785—1273 й. ларда архиепископлик маркази, Ўрта аерларда Ганзанннг энг муҳим шаҳарларидан бўлган. 1794—1813 й. ларда Франция босиб олган. 1814—15 й. ларда Пруссияга берилган. 1918—26 ва 1945 й. ларда инглиз қўшинлари томонидан эғалланган. 1949 й. дан ГФР таркибида.

Prev Article

КЁЛЕР

Next Article

КИБЕРНЕТИКА