ЛА СКАЛА

«ЛА СКАЛА» (итал. «La Skala», тўла номи «Teatro alia Skala») — Миландаги опера театри, жаҳон опера санъатининг йирик марказларидан бири. Биноси «Санта Мария делла Скала» черкови ўрнида 1776—78 й. лари қурилган (номи шундан). 19-а. гача опералар билан бирга драматик асарлар ҳам қўйилган. Репертуарининг асосини итальян композиторларининг опералари ташкил этади: «Ла Скала» театрида Д. Чимароза, Л. Керубини, Ж. Россини, Г. Доницетти, В. Беллини, Ж. Верди, Ж. Пуччини ва б. итальян композиторларининг асарлари илк бор саҳналаштирилган. Шу билан бирга Европа композиторлари (Ш. Гуно, Р. Вагнер, П. Чайковский, М. Мусоргский, Р. Штраус, К. Дебюсси, М. де Фалья, Л. Яначек, Д. Шостакович, Ф. Пуленк ва б.)нинг асарлари қўйилади. Айни вақтда (ҳар йили сент.-ноябрь ойларида) симфоник концертлар ҳам уюштирилади.

«Ла Скала»да Италия ва Европанинг энг машҳур хонандалари (Ж. Паста, М. Малибран, А. Патти, М. Баттистини, Э. Ка-рузо, Ф. Шаляпин, Л. Собинов, Т. Руф-фо, Т. Дель Монте, М. Каллас, Н. Гяуров, Л. Паваротти ва б.), дирижёрлари (А. Тосканини, К. Аббадо, Г. Караян ва б.) фаолият кўрсатган. 1955 й. да «Пик-кола Скала» («Кичик скала») деб номланган филиали очилган. Хонанда ва раққосалар мактаби бор. «Ла Скала» театрида бутун дунё, шу жумладан, ўзбек опера хонандаси (Р. Иминжонова, 1965) ўз малакасини оширган. «Ла Скала» хонандалари Дизми ди Чекко ва М. Гулельми Ўзбекистонда гастролда бўлишган (1970).

Loading...