ЛАБ БИЧИЛИШИ

ЛАБ БИЧИЛИШИ, ангулит — оғиз бурчакларида пайдо бўладиган ёриқлар ва ясси қавариқлар. Инфекцион касаллик, бунда оғиз бурчагининг шиллиқ қавати ва териси зарарланади. Организмда В2 витамин етишмаслиги, милк касалликлари, нордон ва аччиқ овқатларни мунтазам истеъмол қилиш, кўп сўлак ажралиши, оғиз бўшлиғини яхши парвариш қилмаслик ва б. сабаб бўлади. Стафилококклар, стрептококклар, айрим такомиллашмаган замбуруғлар (қ. Бактериялар) қўзғатади. Кўпинча, лабини ялаб юришга ўрганиб қолган болалар ва ўсмирлар, шунингдек, ясама тиш қўйдирганларда учрайди. Лаб бурчакларидаги тери ва шиллиқ қават намланиб қизаради, кейин сариқ қўтир билан қопланиб, ёрилади ва оғрийди. Замбуруғлар қўзғатган бўлса, касаллик оғиз бўшлиғи шиллиқ пардасига ўтиши мумкин (қ. Кандидоз). Давони врач тайинлайди. Сурункали Лаб бичилиши организда витамин етишмаса, узоқ давом этади, шунга қарамай тўғри даво қилинса, бутунлай тузалиб кетади. Лаб бичилишининг олдини олишда тўғри овқатланиш, сервитамин маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилиб туриш, шунингдек, оғиз бўшлиғи ва тишларни доимо тўғри парвариш қилиш муҳим аҳамиятга эга (қ. Тиш).

Prev Article

КҲУЛВА

Next Article

ЛАБИРИНТ