ЛАБ

ЛАБ — анатомик тузилма; оғиз бўшлиғининг кириш қисмини ташкил этадиган мускул-тери бурмалари. Тошбақа, қуш ва клоакали йирик сут эмизувчиларда жағдан тумшуқ вужудга келганлиги туфайли Лаб бўлмайди. Балиқлар лабида таъм билиш ва туйғу рецепторлари кўп бўлиб, Лаб ўлжани ушлаб олишга ёрдам беради. Сувда ва қуруқликда яшовчиларнинг кўпида Лаб нафас олишда оғиз бўшлиғини очиб-юмишга хизмат қилади. Судралиб юрувчилар лаби ростмана шаклланган ва мугуз қалқонча билан қопланган. Сут эмизувчиларда Лаб харакатчан бўлиб, бола эмизишга мослашган. Тўгаракоғизлиларда юқори Лаб сўрғич вазифасини ўтайди.

Одамда Лаб ҳаракатчан бўлиб, оғиз бўшлиғи билан чегараланган; у ташқаридан тери, ичкаридан майда безларга бой шиллиқ парда билан қопланган, унинг асосини оғизнинг айлана мускули ва майда мимика мускуллари ташкил этади. Тери б-н шиллиқ парда туташган жой — қизил ҳошияда қон томирлар кўп. Лабга уч шохли нервдан сезувчи толалар келади. Юқори ва пастки Лабнинг ўзаро бир-бири б-н бирикиб туриши овқатни чайнашга имкон беради; сўзлашда талаффузнинг тўғри ва равон бўлишини таъминлайди.

Loading...