ЛАФОНТЕН

ЛАФОНТЕН (La Fontaine ) Жан де (1621.8.7, Шато—Тьерри, Шампань — 1695.13.4, Париж) — француз шоири, масалчи. Франция акад. аъзоси (1684 й. дан). Машҳур «Психея ва Купидоннинг муҳаббати» (1669) қиссасига «Минг бир кеча» эртаклари ҳамда Апулей (мил. ав. 2-а.) нинг «Метаморфозалар» асари асос бўлган. Лафонтеннинг масал жанридаги асарлари кўпроқ шуҳрат қозонган. «Шеърий эртак ва ҳикоялар» (1—5-китоблар, 1665—85), «Масаллар» (1 – 12-китоблар, 1668—94) тўпламларида ўткир ҳажвчи, йирик мутафаккир, адабиётда Уйғониш даври анъаналарининг давомчиси сифатида майдонга чикди. Унинг антик давр, Европа ҳамда Шарқ адабиёти («Калила ва Димна» ва б.), шунингдек, халқ донишмандлигидан руҳланиб яратган масаллари замонавийлиги, ўткир ҳажви, тавсифларнинг ёрқинлиги билан жаҳон сатирик адабиёти хазинасини бойитди. Ўзбек ва рус масалчилиги ривожида ҳам Лафонтен ижодининг муҳим ўрни бор. «Косиб ва дўкондор» масали ўзбек тилига таржима қилинган (1984).

Prev Article

ЛАУЭГРАММА

Next Article

ЛАШКАР