ЛАҲЖА

ЛАҲЖА, диалект — умумхалқ тилининг муайян чегараланган ҳудудда жойлашган кишилар жамоасида бевосита алоқа воситаси сифатида қўлланувчи ва нисбатан яхлит лисоний тизим билан ажралиб турувчи кўриниши. Лаҳжа бир қатор каттароқ тил тузилмаси таркибига киради, ушбу бутунликнинг бошқа қисмларига, бошқа Лаҳжа ларига қарши қўйилиб, таққосланади ва улар билан умумий хусусиятларга эга бўлади. Ҳудудий Лаҳжалар товушлар таркиби, грамматика, сўз ясалиши, лексика нуқтаи назаридан муайян тафовутларга эга бўладилар. Бундай фарқлар сезилмас даражада бўлиб, аниқ, бир тилнинг турли Лаҳжа ларида сўзловчилар бир-бирини яхши тушунишади ( мас, ўзбек тили Л. ва шевалари), бошқа тилларнинг Лаҳжа лари бир-биридан кучли фарқ қилиб, бунда турли Лаҳжа ларда сўзловчиларнинг ўзаро алоқаси қийинлашади ёки мумкин бўлмайди (мас, немис, хитой тиллари Лаҳжалари). Лаҳжа умумхалқ тилининг қуйи босқичи ҳисобланади, у шевага нисбатан кенг маънога эга бўлиб, шевалар йиғиндисидан таркиб топади. Мас, этногенетик жиҳатдан кўп таркибли бўлган ўзбек тилида 3 та асосий Лаҳжа фарқланади: қорлуқ-чигил-уйғур Лаҳжаси — Фарғона водийсидаги, Тошкент ва Зарафшон воҳаларидаги шаҳарлар ва уларга яқин аҳоли масканлари шеваларини ўзи ичига олади; қипчоқ Лаҳжаси — Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Шим. Хоразмдаги ҳамда Фарғона ва Оҳангарон водийларидаги «ж»ловчи ўзбек шеваларини ўз ичига олади; ўғуз Лаҳжаси — Жан. Хоразм (Урганч, Хива, Хонқа, Ҳазорасп ва б.) ва Туркманистондаги ўзбек шеваларидан иборат. Мазкур Лаҳжа ларнинг фонетикаси, грамматикаси ва луғат таркибида бир-биридан фарқ қилувчи хусусиятлар мавжуд, лекин бу фарқлар уларни бирбиридан кескин ажратмайди. Бу Л. лар ўзбек халқи ва тилининг пайдо бўлиши ва ривожланишида етакчи ўрин эгаллаб, қоз. ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва ундаги айрим лисоний ҳодисаларнинг барқарорлашишида иштирок этган. Қорлуқ Лаҳжа сининг Тошкент ва Фарғона тип шевалари ҳоз. ўзбек адабий тилининг таянч шевалари ҳисобланади. Ўзбек адабий тили ҳозир ҳам Лаҳжа лардаги энг ифодали, кўп маъноли сўзлар ва иборалар, мақбул грамматик шакллар ҳисобига бойиб бормоқда. Абдуваҳоб Мадвалиев.

Loading...