ЛАНЦЕТНИКЛАР

ЛАНЦЕТНИКЛАР (Branchiostoma, яъни Amphioxus) — бош скелетсизлар кенжа типига мансуб хордалилар синфи. Уз. 8 см гача, танаси ланцетсимон, шаффоф; хордаси танасининг олдинги учигача етади. 7 тури бор. Типик вакили ланцетник (Brachiostoma lanceolatum, яъни A. lanceolatus) мўътадил ва илиқ сувли денгизларда 10—30 см чуқурликда кўмилиб яшайди; кумдан танасининг олдинги қисми чиқиб туради. Планктон билан озикланади. Дум сузгичи ланцетга ўхшаш (номи шундан олинган). Териси яланғоч (тангачалар билан қопланмаган). Дум сузгичидан бошқа сузгичлар бўлмагани учун фаол ҳаракатланмайди. Оғиз тешиги пайпаслагичлар билан ўралган. Кўриш ва эшитиш органлари бўлмайди. Жабра ёриклари 100 жуфт. Териси остида жойлашган Гесс кўзчалари ёрдамида ёруғликни сезади. Айрим жинсли. Увилдириғини сувга ташлайди, тухумлари сувда уруғланади. Личинкаси эркин сузиб юради. Ланцетникларни илк бор 1774 й. да рус олими П. С. Паллас топган ва уни моллюска (Umax lanceolatus) сифатида тавсифланган. А. О. Ковалевский Л. ни энг тубан тузилган хордали ҳайвонлигини кўрсатиб берган. Ланцетниклар кўпчилик денгизларда, жумладан, Қора денгизда ҳам учрайди. Ланцетниклар саноат аҳамиятига эга эмас. Маҳаллий халқлар истеъмол қилишади. Ланцетниклар хордалиларнинг келиб чиқишини тушунтиришда назарий аҳамиятга эга.

Loading...